Парламентнинг собиқ депутати ва жамоат арбоби Жилдизкан Жолдошева сиёсатчилар, журналистлар ва фаолларни ҳибсга олиш ҳолатлари бўйича президент Садир Жапаровга мурожаат қилди.
Жолдошева KG Group асосчиси Имомидин Ташов ва «Социал-демократлар» партияси етакчиси Темирлан Султонбеков ишларига эътибор қаратди. Иккаласи ҳам ҳозирда СИЗОда сақланмоқда.
Собиқ депутат давлат раҳбарига у вақтларида қамоқда ўтирганини ва ҳатто бир марта ўз жонига қасд қилишга уринганини эслатди. Энди шу ҳолатни тадбиркор Ташов ҳам бошидан ўтказмоқда, у аллақачон уч марта ўз жонига қасд қилишга уринган, деди Жолдошева.
«Садир, ака, бир ҳақиқатни айтсам хафа бўлманг. Агар биз сизни қўллаб-қувватламаганимизда, ҳар бир судга қатнашмаганимизда ва ОАВда сиз ҳақингизда қайта-қайта гапирмаганимизда, сизга ҳам Имомидинга бўлганидек қийин бўларди. Бу аччиқ ҳақиқат. Ҳозир Имомидиннинг ёнгида фақат йиғлаётган онаси бор», — дея таъкидлади Жолдошева.
Шунингдек, у Султонбековнинг 32 кундан буён очлик эълон қилганига ҳукумат вакилларидан ҳеч ким муносабат билдирмаётганидан хавотирда эканини айтди. Унинг соғлиғи хавф остида эканлигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Жапаров нима учун бегуноҳ сиёсатчилар, журналистлар ва фаолларни қамоққа ташлаб, давлатга зарар етказган собиқ амалдорларни «афв этаётганини» тушунмайди.
«Коррупция сабаб 30 миллиард сомдан кўпроқ зарар келтирган Ақилбек Жапаровни қўл чапаклари билан кузатасиз, ўз фикрини билдирганларни эса озодликдан маҳрум этасизми?» — деб сўради Жолдошева.
Унинг фикрича, собиқ бош вазир Ақилбек Жапаров ва бошқа амалдорлар афв этилганидан кейин, ҳукуматнинг бегуноҳ қирғизистонликларни қамоқда сақлашга ҳаққи қолмади.
«Биламан, “чексиз ҳокимият” исталган шахсни ўзини Худодан юқори қўйишга мажбур қилиши мумкин. Лекин яратувчини хафа қилмаслик керак. Фақат бир нарсани унутмаслик лозим: биз — оддий одамлармиз. Худо хоҳласа, эртага сиз ҳам орамиздаги оддий инсонга айланасиз», — дея сўзини якунлади у.
2010 йилда Жилдизкан Жолдошева «Ата-Журт» партиясидан парламент депутати этиб сайланган. Ўшанда парламентда Садир Жапаров ва ҳозирги МХХ раҳбари Камчибек Ташиев ҳам бор эди.
Жапаров қамоққа ташланганида, у уни қўллаб-қувватлаш учун митингларга чиққан ва уни озод этишни талаб қилган. 2020 йил октябрь ойидаги парламент сайловларида, натижалари бекор қилинган, у «Мекенчил» партияси рўйхатининг тўртинчи рақамли номзоди эди. Партия етакчилари сифатида Ташиев ва Жапаров кўрсатилган эди.