Яқинда Солиқ хизмати раҳбари этиб тайинланган Алмамбет Шикмаматов 23 декабрь куни парламентда товарларнинг кўпчилиги учун электрон транспорт-товар варақаларини (ЭТТН) бекор қилишни таклиф қилди. Бироқ, ҳукумат раҳбарининг биринчи ўринбосари Данияр Амангельдиев бу Шикмаматовнинг шахсий фикри эканлигини ва ЭТТН бўйича масала ҳали кўриб чиқилаётганини маълум қилди.
Парламентнинг бюджет ва молия сиёсати қўмитаси йиғилишида депутат Марлен Маматалиев Шикмаматовдан унинг янги лавозимдаги режалари ва йирик бозорлардаги савдогарларнинг норозилик намойишларига сабаб бўлган ЭТТНни сақлаб қолиш нияти ҳақида сўради.
Шикмаматовнинг таъкидлашича, ЭТТН фақатгина солиқ ва бюджет тушумлари манбаи бўлган беш турдаги маҳсулотлар: нефт маҳсулотлари, спирт, шунингдек алкоголь, тамаки ва тиббий маҳсулотлар учун қолдирилиши керак.
У бу каби ўзгаришларни амалга ошириш учун кўп вақт керак эмаслигини, фақат қарор қабул қилиш зарурлигини қўшимча қилди.
«Бизнинг, давлат институтлари сифатида, бизнес фикрини эшитишни ўрганишимиз керак. Мен аввалдан давлат манфаатлари йўлидаги қаттиқ маъмурий чора-тадбирларга қарши эдим, шунинг учун ҳам бундай позициядаман», — деди Шикмаматов.
Унинг фикрига кўра, ЭТТН шошилинч равишда, етарли таҳлилсиз жорий этилган. Натижада тадбиркорлар 13 минг турдаги товарлар, ҳатто "тозаловчи чўплар" учун ҳам ҳисобот тақдим қилишга мажбур бўлмоқда, улар контрабанда обеъкти бўла олмайди.
Шикмаматов айтиб ўтганидек, у ҳозирча фақат ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга «кичик бир аскар» бўлиб қолмоқда, унинг режалари амалга ошиши Иқтисодиёт вазирлиги розилигига боғлиқ.
Иқтисодиёт вазирининг ўринбосари Искендер Асилқулов депутатларга янги Солиқ хизмати раҳбарининг ғоясини қўллаб-қувватлашларини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, жараён тадбиркорлар учун содда ва тушунарли бўлиши керак.
Шу билан бирга, ҳукумат раҳбарининг биринчи ўринбосари Данияр Амангельдиев ЭТТН бўйича позиция Шикмаматовнинг шахсий фикри эканлигини таъкидлади. Депутат Элвира Сурабалдиеванинг саволига жавобан Амангельдиев ЭТТН тизими бекор қилинмаслигини, фақат соддалаштирилишини айтиб ўтди.
Сурабалдиева эса МХДҚ Солиқ хизматини бир неча миллиард сомлик бюджетга зарар етказишда айблаганини эслаб ўтди. Шунингдек, у ЭТТН бўйича ҳукумат аъзолари ўртасидаги турли фикрлардан ажабланишини билдирди.
Амангелдиевнинг сўзларига жавобан Шикмаматов ЭТТНни жорий этиш бошиданоқ хато ва самарасиз қарор бўлганини таъкидлади. У бундай қарорни тегишли таҳлилсиз амалга оширганларни жавобгарликка тортиш ташаббусини илгари суриш ниятида эканини маълум қилди.
«Иқтисодиётнинг ўсиши — бу солиқларнинг ортиши эмас. Иқтисодиёт ривожланиши шундаки, халқ ҳам бойиши ва бюджет ҳам тўлишиши керак. Халқни қийнаб, бюджетни тўлдириш — бу иқтисодиёт эмас», — хулоса қилди у.
ЭТТН расмийлаштириш 2023 йил бошидан мажбурий бўлди. Агар аввал савдогарларга қоғоз ҳужжатга эга бўлиш кифоя қилган бўлса, эндиликда улардан электрон вариант талаб этилмоқда. Бунинг учун улар солиқ хизмати ахборот тизимида шахсий кабинет очиб, ҳар бир товар учун электрон ҳужжатларни киритиши шарт.
18 декабрь куни ҳукумат раҳбари Адилбек Қасималиев Алмамбет Шикмаматовни Солиқ хизмати раҳбари этиб тайинлади. Олдинги раҳбар Қидиқбек Қидиров лавозимга тайинланганидан икки ҳафта ўтгач, ЭТТНни яширганлиги учун қўлга олинганини МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиев хабар қилган эди.