Жапаров оилавий зўравонликка бефарқлик кўрсатган ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар ишдан бўшатилишини айтди

33

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 20 декабрь куни ўтказилган учинчи Халқ Курултойида аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликни қатъий қоралашини маълум қилди.

Унинг айтишича, оилавий зўравонлик қирғиз жамиятининг асосларини бузади.

«Бу нафақат алоҳида шахс учун фожиа, балки бизнинг маънавий қадриятларимизга жиддий таҳдид. Кучсизларга нисбатан зўрлик ишлатиш — ҳеч қачон оқланиши мумкин бўлмайдиган пасткашликдир», — деди президент.

Жапаров давлат ҳар бир аёл ва бола ўзини хавфсиз ҳис қилиши учун барча чораларни кўриши кераклигини таъкидлади. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъулиятини қайд этди.

«Мен бир неча бор таъкидлаганман: ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг муқаддас бурчи — кучсизларни ҳимоя қилиш. Агар ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар бундай ҳолатларга бефарқлик ёки ҳушёрсизлик билан муносабатда бўлса, улар на фақат ўз фуқаролик шаънидан, балки лавозимидан ҳам маҳрум бўлади», — дея огоҳлантирди давлат раҳбари.

Президентнинг айтишича, у меҳнат вазирлигига оила институтини мустаҳкамлаш бўйича чоралар таклиф этишни топширган.

Қирғизистонда оилавий зўравонлик жиддий муаммолардан бири ҳисобланади. Ҳар йили милиция аёлларга нисбатан минглаб зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар беради. Бу ҳолатлар фақат жабрланган аёллар юз берган ҳолатларни айтиб беришга жасорат топган ёки уларнинг жароҳатлари оғирлиги милициянинг аралашувини талаб қилган пайтлардагина маълум бўлади.