20 декабрь куни ўтказилган учинчи Халқ Қурултойида Иссиқкўл вилоятидан делегат Женишбек Дуйшобаев Қирғизистон аҳолисининг сони ўсмаётганидан ташвиш билдирди.
Унинг фикрига кўра, бунга чет эл идеологияси сабаб бўлиб, у «эр-хотинларни ажрашишга, ажрашмаганларни эса кам фарзандли бўлишга чақирмоқда».
«Гендер тенглиги — 30 йил олдин бизга келган чет эл давлатининг идеологиясидир. Бу бизнинг ёшларимизни оила қуриш масъулиятидан узоқлаштирмоқда. Тоза ва олтин каби юракларга эга фарзандларимизни ота-оналарига қарши қўяпти. Натижада эркаклар, аёллар ва болалар ўз ҳуқуқларини талаб қилишмоқда, лекин ўз мажбуриятларини унутяптилар», — деди Дуйшобаев.
У бу муаммони «кеч бўлмасидан ҳал қилиш» лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, кўп фарзандли оилалар сонини оширишга қаратилган президент сиёсатига қўллаб-қувватлаш билдирди.
«Садир Нургожоевич, агар бу масала бўйича сизга ёрдамим керак бўлса, мен тайёрман. Мен билан алоҳида учрашинг, бу бутун қирғиз халқи учун умумий муаммо», — деди у Жапаровга мурожаат қилиб.
Қурултой бошида давлат раҳбари 2030 йилга келиб Қирғизистонда кексалар улуши 7 фоизга етиши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, БМТ стандартлари бўйича бу кўрсаткич давлатнинг кекса аҳолига эга эканлигини кўрсатади.
Маълумотларга кўра, 2024 йил бошига келиб 65 ёшдан катта фуқаролар улуши 5,7 фоизга етган, бу тахминан 408 минг кишини ташкил этади. У шуни қўшимча қилдики, агар кексалар улуши 4 фоиздан кам бўлса, давлат ёш ҳисобланади.
Бундан олдин, МХДҚ раиси Камчибек Ташиев қирғиз аёлларини беш-ўн нафар фарзанд туғишга чақирган эди. Унинг фикрича, Қирғизистонда оилалар кўп фарзандли бўлиши керак, чунки бу давлат хавфсизлигига таъсир қилади. Шунингдек, у қўшни давлатларда аҳоли сони кўпроқ эканлигини таъкидлади.
Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2024 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, мамлакат аҳолиси 7,1 миллион кишини ташкил этган.