Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси «Автомобиль йўлларини таъмирлаш, сақлаш, қуриш ва реконструкция қилиш учун йиғимларни ундириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорни қабул қилди.
Бундан аввал президент 20 ноябрда парламент томонидан қабул қилинган «Йўл фонди тўғрисида»ги қонунни имзолаган эди. Қонун 1 январдан кучга киради.
Қонунга мувофиқ, энди ҳар бир литр ёқилғи учун 1 сом йиғим ундирилади. Тўпланган маблағлар Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл фондига йўналтирилади.
Вазирлар Маҳкамасининг таъкидлашича, йиғимларнинг тўловчилари бензин ва дизель ёқилғисини импорт қилувчи ва ишлаб чиқарувчи корхоналар бўлади. Йиғимларни бошқариш транспорт ва алоқа соҳасидаги ваколатли орган томонидан амалга оширилади.
«Тўпланган маблағлар фақатгина автомобиль йўлларини таъмирлаш, сақлаш, қуриш ва реконструкция қилишга сарфланади», — дейилади хабарда.
Ҳужжат ташаббускорларининг маълум қилишича, ҳозирда йўлларни хавфсиз ҳолатда ушлаб туриш учун давлат бюджети ҳисобидан йилига 2 миллиард сом ажратилади. Ҳолбуки, бу мақсад учун 10 миллиард сом талаб этилади. Ҳисоб-китобларга кўра, бундай миқдор билан бир километр йўл учун тахминан 100 сом ажратилади. Бу эса йўлларни талаб даражасида сақлаш учун «жуда оз» маблағ ҳисобланади.