11-12 декабрь кунлари Қирғизистонда электр энергиясини рекорд даражада истеъмол қилиш қайд этилди. Энергетика вазирлиги айрим ҳудудларда электр энергияси узилишлари ҳақида огоҳлантирди.
Вазирлик маълумотларига кўра, электр энергияси истеъмоли 3612 МВт ни ташкил қилди, кунлик истеъмол эса 78,9 миллион кВт/соатга етди.
Энергетиклар таъкидлашича, Қирғизистон тарихида бундай кўрсаткич ҳали бўлмаган. Аввалги рекорд 73,3 миллион кВт/соат бўлиб, 2023 йил декабрида қайд этилган эди. Аммо ўша пайтда об-ҳаво анча совуқ бўлганини вазирлик таъкидлаб ўтди.
Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, электр тармоқларига юклама ортиб кетган ҳудудларда электр энергияси бир-икки соатга ўчирилиши мумкин. Уларнинг сўзларига кўра, мутахассислар абонентларнинг электр энергиясини бошқа тармоққа йўналтириш ишларини олиб боради.
«Агар энергетиклар бундай чораларни кўрмаса, қимматбаҳо энергетик ускуналар ишдан чиқиши мумкин», — деб тушунтирди вазирлик ва янги трансформатор харид қилиб, ўрнатиш 1,5 миллион доллардан ортиқ маблағ талаб қилиши ҳамда ярим йил вақт муддатни олиши мумкинлигини қайд этди.
Ҳозирги вақтда Тўқтоғул сув омборида сув ҳажми 12,2 миллиард кубометрни ташкил этмоқда. Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, кунлик сув сатҳи 56-57 миллион кубометрга пасаймоқда. Агар вазият ўзгармаса, иситиш мавсуми охирига келиб сув сатҳи танқидий даражага тушиши мумкин.
Вазирлик истеъмолчиларни эрталаб ва кечқурун электр энергиясини тежашга чақирди, бу орқали узилишлар билан эски ускуналарга юклама тушишининг олди олинади.
Октябрь ойи охирида Бишкек электр тармоқлари корхонаси абонентлар электр энергиясини кўп ишлатишни бошлаганини маълум қилган эди. Корхона фуқароларни электр энергиясини оқилона ишлатишга чақирди.
Аввалроқ, энергетика вазири Таалайбек Ибраев қиш мавсумида республика бўйлаб электр энергияси истеъмоли чекланмаслигини, фақатгина қувват истеъмоли меъёрдан ошиб кетган ҳолатларда чекловлар бўлишини ваъда қилган эди.