Бишкекда экс-прокурор оммавий тартибсизликларни уюштиришда гумонланиб қўлга олинди

25

Бишкекда собиқ прокурор қўлга олиниб, ҳибсга олингани ҳақида Биринчи Май туман суди маълум қилди. Бош прокуратуранинг Ички хавфсизлик ва ички текширувлар бошқармасининг собиқ катта прокурорига оммавий тартибсизликларни тайёрлаш, уюшган гуруҳда иштирок этиш ва ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаш моддалари бўйича айбловлар қўйилди. У 9 январгача ҳибсда қолади.

Илгари, ИИВ оммавий тартибсизликларни уюштиришда гумонланган етти кишини ҳибсга олган эди.

Тергов маълумотларига кўра, айбланувчилар танлов ўтказиш ниқоби остида 17 ноябрь куни, яъни сайловлар куни, одамларни йиғиб, зўравонликка чақириш ва вазиятни беқарорлаштиришни, кейин эса ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллашни режалаштирган.

Ҳодиса ортида асосий ташкилотчи сифатида собиқ бош прокурор ўринбосари Кубан Адил уулу тургани айтилмоқда. Ҳозирча у ва бошқа гумонланувчилар 10 январгача ҳибсда қолади.

Кубан Адил уулу жорий йил 30 апрелда Президент фармони билан бош прокурор ўринбосарлиги лавозимидан озод этилган эди. Ушбу воқеа маҳаллий кенгашларга 17 ноябр куни ўтказилган сайловлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.