9 декабрь куни Бишкек шаҳрининг Биринчи Май тумани суди УТРК давлат телеканалининг собиқ раҳбар ўринбосари Адил Акжол уулуга қарши қўзғатилган жиноий ишни тугатди. Бу маълумотни суд «Клооп» нашрига тасдиқлади.
Суднинг маълум қилишича, иш томонларнинг ярашгани сабабли тугатилган. Шунингдек, журналистга нисбатан қўлланган ҳибсга олиш билан боғлиқ эҳтиёт чораси бекор қилинди.
Акжол уулу икки модда бўйича айбланган эди: шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш ва талончилик.
Журналистнинг ҳибсга олингани ҳақида 12 август куни маълум бўлган. Ўшанда у WhatsApp гуруҳи орқали оммавий тартибсизликка чақиришда айбланган. Гуруҳ марҳум Айтурган Маматқулованинг ўлими ҳақидаги видеодан кейин очилган эди. Аммо кейинчалик иш моддаси ўзгартирилди ва у шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузишда айблана бошлади.
Кейинчалик Акжол уулуга нисбатан иккинчи жиноий иш қўзғатилди, у талончилик моддаси бўйича айбланди. Иссиқкўл вилоятидан бир шахс ГКНБга мурожаат қилиб, журналист ундан катта миқдорда пул талаб қилганини, акс ҳолда YouTube-каналидаги унинг иштирокидаги видеороликни ўчирмаслигини айтганини билдирган.
33 ёшли Адил Акжол уулу 2022 йилдан 2023 йил июнигача ЭлТР давлат телеканали бош директори ўринбосари бўлган. Кейин июндан жорий йилнинг мартигача НТРКда бош директор ўринбосари сифатида ишлаган.
Сўнгги вақтларда у ўзининг YouTube-каналини ривожлантириш билан шуғулланган бўлиб, турли мавзуларда видеолавҳалар эълон қилган. Каналида 797 мингдан ортиқ обуначи бор.