Россия Давлат Думаси мигрантлар болаларини рус тилини билмаган ҳолда мактабларда ўқишини тақиқловчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди

32

Россияда Давлат Думаси депутатлари мигрантларнинг рус тилини билмайдиган болаларини мактабларга қабул қилишни тақиқловчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Бу ҳақда Россия парламенти спикери Вячеслав Володин ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳужжат умумтаълим муассасаларини боланинг рус тилини қандай даражада билишини ва унинг мамлакатда қонуний равишда бўлишини текшириш мажбуриятини юклайди.

«Ўқув йили бошида мигрантлар болаларининг 41 фоизида рус тилини билишда қийинчиликлар мавжуд. Сифатли таълим олиш ва мактаб дастурини муваффақиятли ўзлаштириш учун рус тилини билиш зарур [...] Бизнинг мамлакатимизга келганлар рус тилини билишлари, маданият ва тарихга ҳурмат билан қарашлари, Россия Федерацияси қонунларини қатъий равишда бажаришлари керак», — деди Володин.

2024 йил сентябрь ойида Россия Таълим вазирлиги мактаб ва боғчаларга рус тилини яхши билмайдиган хорижий фуқаролар болаларини синф ёки гуруҳларга учтадан ошмаслик шартлари билан қабул қилишни тавсия қилган эди. Идора маълумотларига кўра, мигрант болаларининг кўплиги ўқув жараёнига салбий таъсир кўрсатади.

Шундан сўнг Москвада қирғизистонликлар расмий иш билан таъминланган бўлишига қарамай, ўз болаларини давлат мактабларига жойлаштира олмаётганликларидан шикоят қилдилар. Ўшанда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, мактабга қабул қилиш учун 224 бола навбат кутаётган эди.

Расмий маълумотларга кўра, 2024 йил бошида Россияда 411 мингдан ортиқ қирғизистонлик истиқомат қилаётган эди. Аммо уларнинг нечтаси мактаб ёшидаги болалар экани ҳақида маълумот йўқ.