МХДҚ Абдувапов ва унинг ўринбосари қўлга олинганини тасдиқлади

126

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Давлат солиқ хизмати (ДСХ) раҳбари Алтинбек Абдувапов ва унинг ўринбосари Исламбек Қидирғичев «электрон товар-транспорт накладнойлари билан боғлиқ найрангларда» иштирок этганини аниқлаганини маълум қилди.

МХДҚ уларни қўлга олиб, вақтинчалик сақлаш изоляторига (ВСИ) жойлаштирган.

МХДҚнинг таъкидлашича, акциз маҳсулотларни ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва сотишда солиқларни тўғри бошқариш мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсиши учун муҳим омилдир. Шунингдек, қўмита баёнотида мансабдор шахслар содир этган жиноятлар «айрим тадбиркорларга катта миқдордаги солиқларни тўлашдан қочиш ва ҳақиқий даромадларини яшириш имкониятини яратаётгани» қайд этилган.

3 декабрь куни Давлат солиқ хизмати алкоголли маҳсулотлар импортерлари ва ишлаб чиқарувчиларига 2023 йилда ва ундан олдин чиқарилган акциз маркаларини уч кун ичида янгисига алмаштиришни мажбурий қилган эди. Шундан сўнг, етказиб берувчилар Ҳукуматга мурожаат қилиб, акциз маркаларини алмаштириш муддатини олти ойгача узайтиришни сўрашди.

Кейинчалик МХДҚ ходимлари ДСХнинг туман бўлимларида тинтув ўтказди ва тўртта бўлим раҳбари ҳамда қатор оддий ходимларни сўроққа чақирди. МХДҚ уларни  акциз товарлар етказиб беришдаги қонунбузарликларни яширишда айбламоқда.

5 декабрь куни МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиев парламентда солиқ ходимлари ЭТТН билан боғлиқ коррупция схемасини яратганини маълум қилди. Унинг айтишича, давлат бюджетига етказилган зарар 3,2 миллиард сомни ташкил этган.

Президент эса акциз маркаларини алмаштириш муддати узайтирилмаслигини қатъий таъкидлади.