Ўш: Поликлиника раҳбари мажлис пайтида МХДҚ томонидан сўроққа олиб кетилди

150

Кеча Ўш шаҳридаги 4-сонли шаҳар тиббиёт маркази раҳбари Батму Қудайбердиева мажлис давомида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) томонидан сўроққа олиб кетилди. Бу воқеа маҳаллий "Ош-ТВ" телеканалида эфирга узатилди.

Тиббиёт соҳасида коррупцияга қарши кураш мавзусига бағишланган йиғилишда МХДҚнинг Ўш шаҳри ва вилояти бўйича бошқармаси раҳбари Даниэль Рисалиев Қудайбердиевага мурожаат қилди.

— Нега сиз коррупцияда айбланиб, қўлга олинган бош шифокорни қайта ишга қабул қилдингиз? — деб сўради у. Бу ерда коррупцияда айбланиб, суд томонидан айбдор деб топилган ва 600 минг сом жаримага тортилган собиқ бош шифокор ҳақида сўз бораётган эди.

Қудайбердиева эса яқинда раҳбарлик лавозимига тайинланганини ва мазкур бош шифокорнинг иши ҳақида билмаганини айтди. Шундан сўнг, Рисалиев уни махсус хизмат ходимлари билан бирга бориб, саволларга жавоб беришни сўради.

— Ҳозироқми? — деб сўради Қудайбердиева. Рисалиев тасдиқлаб жавоб берди. Шундан сўнг, аёл МХДҚ ходимлари кузатувида йиғилиш залидан чиқиб кетди.

Ҳозирча Давлат хавфсизлик қўмитаси мазкур сўроқнинг тафсилотлари ҳақида маълумот бергани йўқ.