Шакиев Қирғизистоннинг янги мадҳиясини 2025 йил апрелига қадар қабул қилишни топширди

31

Парламент спикери Нурланбек Шакиев 3 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда янги давлат мадҳиясини апрель ойига қадар қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда Давлат котиби Суюнбек Қасмамбетов, ижтимоий сиёсат қўмитаси раҳбари Винера Раимбачаева, Маданият вазири Алтинбек Максудов ва Давлат тили бўйича миллий комиссия раҳбари Мелис Мураталиев иштирок этди.

Шакиевнинг таъкидлашича, мадҳияни ўзгартириш масаласи кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиниши керак.

Унинг сўзларига кўра, мадҳия матни учун танловлар ташкил этилиши, сўнгра уни халқ орасида кенг муҳокама қилиш зарур. Бунинг учун Шакиев йиғилиш иштирокчиларига махсус комиссиялар тузишни топширди.

Парламент матбуот хизматига кўра, йиғилиш иштирокчилари мавжуд мадҳиянинг матни ва мусиқаси бўйича турли фикрларни билдиришган.

«Мавжуд мадҳиянинг қўшиқ қайтарма қисми Қирғиз ССР мадҳиясига ўхшаш экани ҳақида мисоллар келтирилди. Шунингдек, жамиятда мадҳиянинг учинчи шахс номидан ёзилгани борасида танқидий фикрлар мавжудлиги таъкидланди», — дейилади хабарда.

Нурланбек Шакиев давлат мадҳиясини ўзгартириш ғоясини илк бор октябрь охирида билдирган. Унинг фикрича, ҳозирги вақтда Қирғизистон «ўзини тўғрилаб, ривожланиш йўлига тушган», мавжуд мадҳия эса мамлакат СССРдан ажралиб чиққанидан кейин қабул қилинган.

Бу ташаббус президент Садир Жапаров ва ҳукумат раҳбари ўринбосари Эдил Байсалов томонидан қўллаб-қувватланган.