МХДҚнинг (Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси) собиқ раҳбари Орозбек Опумбаев 2019 йилда Қўйтош воқеалари бўйича иш юзасидан гувоҳ сифатида Биринчи Май туман судида бўлиб ўтган мажлисга келди.
Бунга қадар Опумбаевнинг қаерда эканлиги ҳақида маълумот бўлмаган. У 2020 йил октябрь воқеаларидан кейин жамоатчилик олдида кўринмай қолган эди.
Айрим оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, Опумбаев журналистларга изоҳ беришдан бош тортган. Бироқ у «шу вақт давомида шаҳарда бўлганини» таъкидлаган.
Орозбек Опумбаев 2019-2020 йилларда МХДҚни бошқарган.
2019 йил август ойида собиқ президент Алмазбек Атамбаевни Қўйтош қишлоғидаги қароргоҳида ҳибсга олиш операцияси вақтида махсус бўлинма ходимлари ва милиция Атамбаев тарафдорлари билан тўқнаш келган. Натижада махсус бўлинма раҳбари ўринбосари Усенбек Ниязбеков ҳалок бўлган, 170 дан ортиқ киши турли жароҳатлар олган.
Собиқ президент ва унинг тарафдорларига нисбатан «Оммавий тартибсизликларни ташкил этиш», «Гаровга олиш», «Қотиллик» ва «Қотилликка уриниш» моддалари бўйича айбловлар эълон қилинган.