Қирғизистондаги ҳуқуқшунослар, фаоллар ва ҳуқуқ ҳимоячилари ўз мурожаатида адвокат Самат Матсаковнинг ҳибсга олиниши ҳақида баёнот бериб, бу ҳолатни «адвокатлик эркинлиги ва инсон ҳуқуқларига тизимли таҳдид» деб баҳолашди.
«Бу воқеа мустақил адвокатурага босим ўтказиш акти бўлибгина қолмай, қонун ва адолат қоидаларининг тўлиқ инкор этилишини кўрсатмоқда», — дейилади баёнотда.
Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Матсаковнинг адвокатларига асосий ҳужжатларга кириш имконсизлиги айтилган, бу «тергов сирлари» билан изоҳланган. Бу чеклов ҳимоячиларнинг ўз вазифаларини тўлиқ бажариш имкониятини йўққа чиқарган.
«Судья адвокатларнинг барча илтимосларини рад этди, жумладан, етарли асослар мавжуд эмаслигига доир илтимослар ва зарур процессуал материалларни тақдим этиш ҳақидаги сўровлар ҳам. Бу ҳимоя томонига очиқдан-очиқ бир томонлама муносабатни кўрсатади», — дейилади баёнотда.
Мурожаатга имзо чекканлар ҳукуматдан Матсаковни зудлик билан озод қилиш ва унинг ишини холисона текширишни талаб қилишди. Шунингдек, халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ ҳимояси жамиятидан бу ҳолатни қоралашга чақиришди.
«Адвокатлик касби — фуқаро ва адолатсизлик ўртасидаги охирги қалқондир. […] Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчиларнинг ҳуқуқлари поймол қилинганида сукут сақлашга ҳаққимиз йўқ», — дейилади 16 киши имзолаган мурожаатда.
Матсаков қурилиш компанияси KG Group раҳбари Имамиддин Ташов, журналист Актилек Қапаров ва оқин Аскат Жетигеннинг ҳимоячиси сифатида фаолият юритган. Ташов аввалроқ СИЗОда қийноқларга учрагани ҳақида баёнот берган.
29 ноябрь куни Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (МХДҚ) Матсаковнинг уйида тинтув ўтказиб, уни ҳибсга олди. Унга нисбатан «катта ҳажмда фирибгарлик» ва «ҳужжатларни қалбакилаштириш» бўйича жиноят иши қўзғатилди. Аммо Матсаков бу айбловларни ўз касбий фаолияти билан боғлаб, ишни «буюртма асосида ташкил қилинган» деб атади.
Суд 30 ноябрь куни эрталаб Матсаковни 30 декабргача қамоқда қолдириш ҳақида қарор чиқарди.