Шаҳар суди Султанбеков, Карамушкина ва Турксеверни ҳибсда қолдирди

69

2 декабрь куни Бишкек шаҳар судида «Социал-демократлар» партияси лидери Темирлан Султанбеков ва унинг партиядошлари Ирина Карамушкина ҳамда Роза Турксевернинг иши кўриб чиқилди. Суд ҳимоячиларнинг шикоятини рад этиб, сиёсатчиларга қўлланган эҳтиёт чорасини ўзгартирмади.

Адвокатлар суддан сиёсатчиларни уй қамоғига ўтказишни сўрашган эди, аммо Свердловск туман суди каби, шаҳар суди ҳам уларни 13 январгача СИЗО-1да қолдиришга қарор қилди.

«Апрель» нашри видеолавҳасида «Социал-демократлар»нинг тарафдорлари шаҳар суди қароридан норозилик билдирган. Султанбеков эса «ҳаммаси яхши бўлади», деб баёнот берди.

Суд жараёнида қоровуллар журналистларга эркин суратга олишга тўсқинлик қилган.

13 ноябрь куни ҳуқуқ-тартибот органлари Бишкекдаги «Социал-демократлар» штаб-квартирасида тинтув ўтказган. Шундан сўнг, милиция Ирина Карамушкина ва Данияр Чўлпонбоевнинг телефон суҳбат ёзувини тарқатган. Унда гўёки сайловчилар овозини 1000 сомдан сотиб олиш ҳақида гап кетган. Бишкек шаҳар ИИБнинг баёнотига кўра, тергов давомида овозларни сотиб олиш ҳақидаги айбловлар тасдиқланган.

15 ноябрь куни Свердловск туман суди «Социал-демократлар» партияси етакчиси Темирлан Султанбеков ва унинг партиядошлари — Ирина Карамушкина ҳамда Роза Турксеверни икки ойга ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган. Улар сайловчилар овозини сотиб олиш иши доирасида тергов остида бўлиб турибди.

17 ноябрь куни маҳаллий кенгашларга депутатлар сайлови бўлиб ўтди. Овоз беришдан олдин «Социал-демократлар»га нисбатан жиноий иш очилгани сабабли, улар Бишкек шаҳар кенгаши сайловларида иштирок этишдан четлатилди.