Президент «кампирободчилар»ни оқлаган судьянинг ишдан кетиш аризасини қаноатлантирмади

71

Президент Садир Жапаров Биринчи Май туман судьяси Марат Сидиқовнинг ишдан бўшатиш ҳақидаги аризасини рад этди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Аскат Алагогозов ижтимоий тармоқларда маълум қилди.

Унинг айтишича, аввалроқ Судьялар кенгаши Сидиқовнинг истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризасини маъқуллаган эди, аммо давлат раҳбари бу материалларни қайтариб юборди.

Сидиқов судья лавозимини тарк этмоқчи эканлиги 29 ноябрда маълум бўлган эди.

14 июн куни Бишкекнинг Биринчи Май туман суди Кампиробод иши бўйича 27 айбланувчидан 22 нафарига оқлов ҳукми чиқарган. Қолган беш сиёсий маҳбуснинг иши алоҳида кўриб чиқилмоқда. Ҳукм эълон қилинишидан олдин СИЗОда саккиз киши сақланган эди.

Кампиробод ишида айбланганлар 2022 йил октябр ойида «оммавий тартибсизликларни ташкил этишга тайёргарлик кўриш» айби билан ҳибсга олинган. Улар Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга топширилишини очиқ танқид қилган ва бу фикрлари туфайли ҳибсга олинганини таъкидлаган.