Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдил Байсалов Россиянинг News.ru нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон ёш аҳолига эга давлат сифатида меҳнат ресурсларини «экспорт қилиш»ни давом эттиради. Байсалов таъкидлашича, Россия республика учун анъанавий бозордир.
Унинг фикрича, россиядаги қирғизистонликлар сони барқарор қолади ва ҳозирда у ерда «бир неча юз минг меҳнат мигрантларимиз» фаолият юритмоқда.
«Бизнинг асосий ҳужжатларимизда ёзилганки, меҳнат бозорига биз ҳам ўша бозор фуқаролари билан бир хил шартларда кириш ҳуқуқига эгамиз. Минглаб россияликлар Қирғизистонда ҳам худди қирғизлар каби шароитларда ишлашмоқда. Шунинг учун бизга айрим ҳолларда, Қирғизистонни ЕОИИ аъзоси бўлмаган бошқа давлатлар билан тенглаштириш ҳаддан ташқари нохолис бўлиб туюлади», — деди у.
Шунингдек, Байсаловнинг айтишича, ҳозирги пайтда қирғизистонликларнинг аксарияти ўз ватанларида ишлашни бошлаган. Ёз ойларида Россияда меҳнат миграциясида бўлган қирғизистонликлар сони 411 мингдан зиёд экани хабар қилинган эди.
«Бизнинг иқтисодиётимиз учинчи йилдирки ўсишни давом эттирмоқда. Жорий йилда ЯИМ 9 фоиздан ошиқ ўсди. Кейинги йилда эса бу кўрсаткич 11 фоизни ташкил қилади. Охирги уч йил ичида маошлар сезиларли равишда ошди, деярли икки баравар кўпайди», — деди Байсалов.
Шунингдек, Байсалов Россиянинг «Мир» картаси билан боғлиқ муаммолар сабабини ҳам тушунтириб берди. Унга кўра, хусусий тижорат банклари «майда ва манфаатли молиявий манфаатлар» ортидан қувмоқда.
«Давлат уларга таъсир ўтказа олмайди, биз буни тартибга солиш имконига эга эмасмиз. Улар учинчи даражали санкцияларнинг таъсиридан қўрқмоқда. Аммо биз бу турдаги тўсиқларни четлаб ўтиш йўлини топдик. Тўловларни тўлиқ рублда амалга оширяпмиз, шунда ҳеч қандай учинчи валюталар билан боғлиқ муаммолар юзага келмайди. Кейинги йилларда Қирғизистон молиявий ҳабга айланиб, илғор технологиялардан фойдаланади. Бу борада биз Россия билан тўлиқ ҳамфикрмиз», — деди у.
Жорий йил апрелидан бошлаб Қирғизистонда учинчи даражали санкциялар хавфи туфайли Россиянинг «Мир» карталари ишламай қолган. Бу қарор АҚШ 2024 йил феврал ойида «Мир» карталари операторига нисбатан санкция жорий этганидан сўнг қабул қилинган.