«Кампиробод иши» фигурантлари Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев билан махсус хизмат биносида учрашгани ҳақида хабар берди. Бу ҳақда фаол Илгиз Шаменов ва сиёсатчи Жениш Молдокматов ижтимоий тармоқларда маълум қилди.
Шаменовнинг сўзларига кўра, Ташиев «шахсан ўзи кўрсатиб, тушунтирган» ва Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтишидан кейин нималар ўзгарганини аниқ тушунтириб берган.
«Ҳамма карталарни очди ва кўрсатиб берди, ҳар томонлама муҳокама бўлди. Мен шахсан ўз кўзим билан ҳужжатларда ва хариталарда кўрдим: ҳозир бизда 200 минг квадрат метр, аввал эса 199 минг эди», — деди фаол. У энди «ҳаммасини тарих ҳал қилади», деб таъкидлаб, Ташиевга учрашув учун миннатдорчилик билдирди.
Шу билан бирга, Молдокматов бу учрашувни «сиёсий маданиятнинг қайта тикланиши» деб атаб, унда «қаттиқ танқидий ва ижобий фикрлар билдирилганини» маълум қилди. У ҳам Ташиевга миннатдорчилик билдирди.
Собиқ сиёсий маҳбуслар томонидан чоп этилган фотосуратларда «Кемпиробод иши» бўйича бошқа фигурантлар — сиёсатчи Равшан Жээнбеков ва фаол Улукбек Маматаев ҳам бор.
2023 йил 14 июнь куни Бишкекнинг Биринчи май туман суди «Кампиробод иши» бўйича 27 фигурантдан 22 нафарига оқлов ҳукмини чиқарган. Қолган беш сиёсий маҳбус алоҳида ишда кўриб чиқилмоқда. Ҳукм эълон қилинишига қадар саккиз киши тергов ҳибсхонасида бўлган.
«Кампиробод иши» фигурантлари 2022 йил октябрь ойида «оммавий тартибсизликлар ташкил этишга тайёргарлик кўриш» айби билан ҳибсга олинган эди. Улар барчаси очиқчасига Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилган ва ўзларининг жамоатчиликка қилган баёнотлари ҳибсга олинишига сабаб бўлганини таъкидлашган.