Екатеринбург: Касалхонадаги ёнғинда одамларни қутқаришда ёрдам берган қирғиз фуқароси депортацияланиши мумкин

1

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида 20 ёшдаги қирғизистонлик таксист Султан Абдумаликов ҳаётини хавф остига қўйиб, ёнғин чиққан касалхонадан қарияларни эвакуациялашга ёрдам берган. «Медуза» нашри аммо у яқинда ватанига депортация қилиниши мумкин эканини ёзмоқда.

18 ноябрь куни Султан тушликка йўл олганида ёнғинга дуч келди. У машинасини тўхтатиб, бино томон югурди. Ёшлар билан биргаликда у клиника ходимларига ёнғинни ўчиришга ёрдам берди, бироқ кўп миқдорда тутун нафас олди ва шифохонага ётқизилди.

«Бир неча бор ичкарига кириб, одамларни чиқишга чақирардик. Кейин иккинчи қаватдан томга кўтарилдим. Биз ишчи билан биргаликда ёнғин ўчирувчилар келгунча ёнғинни ўчиришга киришдик. Кейин пастга тушдим ва ҳушимдан кетдим, ўзимни ёмон ҳис қилдим", — деб эслайди у «КП-Екатеринбург» нашрига.

Эртасига, Султан шифохонадан чиқарилганидан кейин, унга полициядан қўнғироқ қилиб, бўлимга келишини сўрашди. Таксистнинг сўзларига кўра, унинг меҳнат шартномаси бўлмаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар унга депортация хавфи ҳақида маълум қилишди.

Султан содир бўлган воқеа ҳақида Россия ОАВга маълум қилди. Шу пайт полиция унга тезда меҳнат шартномаси тузишни тавсия қилди, шунда уни депортация қилишмаслиги айтилиб ўтилди.

Шунга қарамай, 21 ноябрь куни Железнодорожный суди Султанни Россияда қонуний тартибларга риоя қилмаганликда айбдор деб топди. Ҳозирда Абдумаликов мигрантлар учун вақтинчалик сақлаш марказида депортацияни кутиб турибди.

Ноябрь ойи бошларида Қирғизистоннинг Ички ишлар вазирлиги Россиядаги фуқароларни янги қонун ва қоидалар билан танишишга чақирган эди. Вазирлик қирғизистонликлардан ҳуқуқий ёрдам зарур бўлганда тегишли органларга ўз вақтида мурожаат қилишни сўраган. Россиянинг бир неча шаҳарларида, жумладан Екатеринбургда, Қирғизистоннинг ИИВ ваколатхоналари очилган.

Вазирлик маълумотларига кўра, ҳозирда Россияда 72 мингга яқин қирғизистонлик қонуний асосларсиз яшамоқда.

Ушбу кузда Россия Давлат Думаси мигрантларга қарши қатор қонунлар қабул қилди. Улардан бирига кўра, мамлакат ҳудудида ноқонуний равишда бўлган мигрантларга нисбатан оғирроқ жазолар таклиф қилинмоқда.