Қурилиш, архитектура, уй жой ва коммунал хўжалик давлат агентлигининг бошчиси Нурдан Орунтаев 25 ноябрда УТРК телеканалига берган интервьюсида совет даврида қурилган Бишкекдаги кўп қаватли уйларни бузиш режалаштирилаётганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда пойтахтда уй-жой қурилиши учун ер участкалари етишмайди. Агар «сталинка» ва «хрущёвка»лар бузиб ташланса, уларнинг ўрнида кўпроқ одамларга мўлжалланган янги кўп қаватли уйлар қуриш мумкин, деб ҳисоблайди Орунтаев.
«10 минг квадрат метрдаги 500 та квартира бир неча гектар майдонни эгаллайди. Ҳозирги технологиялар ёрдамида ва замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда, шу ернинг ўзида 100 минг квадрат метргача қуриш мумкин», — деди у.
Давлат телеканали маълумотларига кўра, бундай реновация учун махсус қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Орунтаев қурилиш соҳасида коррупция анча камайганини таъкидлади. Унинг айтишича, энди уйларнинг қурилиш сифатига катта эътибор қаратилмоқда. Давлат қурилиш қўмитаси раҳбарига кўра, қурилиш тезлиги бўйича Қирғизистон ЕОИИ давлатлари орасида биринчи ўринда турибди.
Бугунги матбуот анжуманида Орунтаев Давлат қурилиш қўмитаси уйларни инвестициялар ёки давлат бюджети орқали қуриш имкониятини яратишини маълум қилди. Реновация дастури доирасида ер сотиб олмоқчи бўлган инвестор аввало тегишли идорага мурожаат қилиши, шу ерни бозор нархида сотиб олиш имкониятини олиши керак бўлади. Шундан сўнг, у уй эгалари билан мустақил келишувга эришиши керак бўлади.