2024 йилда Қирғизистонда оилавий зўравонлик ҳолатлари учдан бир ҳиссага кўпроқ қайд этилди — Қирғизистон ИИВ

1

Қирғизистонда йилнинг илк ўн ойида милиция 14 минг 293 та оилавий зўравонлик ҳолатини қайд этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 877 та ҳолатга (37,2%) кўпроқдир. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Вазирлик маълумотларига кўра, шу давр мобайнида ҳуқуқ-тартибот идоралари 12 минг вақтинчалик ҳимоя ордерини берган. Улардан жабрланган аёллар 11 минг 227 нафарни, эркаклар эса 529 нафарни ташкил этган.

Шунингдек, милиция оилавий зўравонлик бўйича 3 минг 457 та протокол тузган бўлиб, шуларнинг 3 минг 288 таси судга юборилган.

Суд тажовузкорларнинг кўпчилигини жамоат ишларига жалб қилиш (1 189 киши) ёки ҳибсга олиш (1 623 киши) тўғрисида қарор чиқарган. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳимоя ордери шартларини бузганлик учун 58 та протокол тузган.

Вазирлик маълумотларига кўра, оилавий зўравонлик тўғрисидаги модда бўйича 28 та жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, 31 та жиноят иши одам ўлдириш билан боғлиқ бўлган, шулардан бири аффект ҳолатида содир этилган. ИИВ маълумотларига кўра, шу давр мобайнида оғир, ўртача ва енгил тан жароҳати етказиш бўйича 57 та ҳолат қайд этилган.

Милиция қийноқлар бўйича 37 та ва зўрлаш бўйича 13 та жиноят иши қўзғатган. Яна 7 та ҳолатда жиноят иши 157-модда бўйича (16 ёшга тўлмаган бола билан жинсий алоқада бўлиш ҳаракатлари) қўзғатилган.

Оилавий зўравонлик — Қирғизистондаги жиддий муаммолардан биридир. Ҳар йили милиция аёлларга нисбатан минглаб зўравонлик ҳолатлари тўғрисида хабар беради. Бу фақат қирғиз аёллари ўзларига нисбатан содир бўлган зўравонлик ҳақида маълумот беришга куч топган ёки улар олган жароҳатлар уларни ҳуқуқ-тартибот органларининг аралашувига мажбур қилган ҳолатлардир.