Новосибирск вилоятида мигрантларга болалар боғчаларида ишлаш тақиқланади

60

2025 йилдан бошлаб, Россиянинг Новосибирск вилоятида патент асосида меҳнат фаолиятини олиб бораётган мигрантларга мактабгача таълим соҳасида ишлашга рухсат берилмайди.

Россия Ички ишлар вазирлиги хабар беришича, ноябрь ойининг бошларида вилоят губернатори Андрей Травников ушбу қарорни «Россия фуқароларини устувор тарзда ишга жойлаштириш ва ички меҳнат миграциясини рағбатлантириш мақсадида» имзолаган.

Ҳужжатга мувофиқ, келгуси йилнинг 1 мартига қадар хўжалик субъектлари «хорижлик ишчилар сонини қарор талаблари ва Россия меҳнат қонунчилигига мувофиқ келтиришлари» лозим.

Бундан аввал, Новосибирск ҳокимияти мигрантларни такси ва тамаки маҳсулотлари ҳамда ичимликларни чакана савдосида ишга олишни тақиқлаган эди. Ҳужжатга кўра, бу тақиқ 2024 йил учун жорий этилган бўлиб, «миллий хавфсизликни таъминлаш» мақсадини ҳам ўз ичига олади.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ноябрь ойининг бошларида Россиядаги қирғизистонлик фуқароларни янги қонун ва қоидалар билан яқиндан танишишга чақирди. Вазирлик қирғизистонликларни ўз вақтида ҳуқуқий ёрдам олиш учун ваколатли органларга мурожаат қилишга чақирмоқда. Шу мақсадда Россиянинг бир нечта шаҳарларида, жумладан, Новосибирскда ҳам Қирғизистон ИИВнинг ваколатхоналари очилган.