«Социал-демократлар» партияси Бишкек шаҳар кенгаши сайловларидан чиқарилди

135

14 ноябрь куни Бишкек шаҳар ҳудудий сайлов комиссияси «Социал-демократлар» партиясини шаҳар кенгашига бўлажак сайловларда рўйхатдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда бир неча ОАВ хабар берди.

Kaktus.media нашрига ТИКдан маълум қилишларича, «Социал-демократлар»нинг чиқарилишига Бишкек шаҳар ИИВ томонидан партия аъзолари томонидан сайловчиларнинг овозини сотиб олиш билан боғлиқ жиноят иши қўзғатилгани сабаб бўлган.

Бир кун олдин кечқурун «Социал-демократлар» партияси номаълум шахслар партиянинг штабига келиб, бинода тинтув ўтказишни бошлагани ҳақида маълум қилди. Кейинчалик партия раҳбари Темирлан Султанбеков сўроққа олиб кетилди.

14 ноябрь эрталаб «Социал-демократлар» партияси штаби раҳбари Ирина Карамушкина ва партиянинг ишончли вакили Роза Турксевер сайловчиларнинг овозини сотиб олиш гумони билан қўлга олингани маълум бўлди.

Шунингдек, Султанбеков ва унинг отаси қайтадан қўлга олингани ҳақида хабар берилди. Бунинг олдидан сиёсатчи милиция партия раҳбари Назар Ниёзовга маош тўлашни сайловчиларнинг овозини сотиб олиш деб баҳолаганини маълум қилди. У сўроқ пайтида ундан депутатликка номзодлар рўйхатидан чиқиш ҳақида ариза ёзишни сўрашганини таъкидлади.

Маҳаллий кенгашларга депутатлар сайлови 17 ноябрда бўлиб ўтади ва номзодлар орасида «Социал-демократлар» партияси аъзолари ҳам бор эди.