13 ноябрь куни парламент йиғилишида депутат Дастан Бекешев пойтахт кўчаларига троллейбусларни қайтаришни талаб қилди. Унинг таъкидлашича, Бишкекда жамоат транспорти етишмайди.
«Троллейбуслар йўқ, одамлар ўз вақтида ишга ва ўқишга етиб бора олишмайди. Шаҳар аҳолисидан жуда кўп шикоятлар келиб тушмоқда. Жамоат транспорти билан боғлиқ вазият қачон яхшиланади? Троллейбусларни албатта ишга тушириш керак», — деди у.
Шунингдек, депутат Ғарбий автовокзални кўчириш билан минтақалар аҳолиси учун пойтахтга етиб бориш қийинлашганини таъкидлади.
«Бошқа ҳудудларда яшаганлар учун яна ҳам оғир қилиб қўйдинглар. Улар ишлагани, даволангани, ўқигани келишади. Уларни автобекат деб аталган ерга етказиб, “уёғига ўзинглар кетаверинглар” дейишмоқда. Улар қандай қилиб ўзлари кетиши керак? Янги автобекат — бу яхши. Аммо эскисини бузишдан олдин [янгисини] қуриш керак-да», — деди депутат.
Май ойи бошида Бишкек шаҳар мэрияси 100 троллейбусни Ўш шаҳрига беришга ва уларни 120 та электробус билан алмаштиришга қарор қилгани маълум бўлган эди. Маҳаллий фаоллар бу қарорга қарши чиқиб, бу ортиқча харажат эканлигини ва электробусларнинг аккумулятор батареяларини экологик тарзда сақлаш ва утилизация қилиш муаммо бўлишини таъкидлашган эди.
29 август куни Бишкек шаҳар кенгаши депутатлари 100 троллейбусни Ўш шаҳрига беришни маъқуллашди. Шунингдек, пойтахт маъмурияти олти троллейбусни Норинга ва ўнтани Боткен вилоятига топширди.