Қирғизистон болаларга нисбатан жисмоний жазоларни тақиқлашни режалаштирмоқда

36

Қирғизистон Панама, Уганда, Бурунди, Шри-Ланка ва Чехия каби мамлакатлар қаторида болаларга нисбатан жисмоний жазоларни тақиқлаш мажбуриятини олди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берди.

Бу давлатлар ушбу баёнотни 7-8 ноябрь кунлари Колумбияда ўтказилган болаларга нисбатан зўравонликка қарши БМТнинг биринчи жаҳон анжумани олдидан эълон қилди.

Нашр маълумотларига кўра, бу нафақат «енгил» жисмоний жазоларга, балки боланинг қадр-қимматини топтаган «қаттиқ ва ҳақоратли» жазо турларига ҳам (шу жумладан, жисмоний бўлмаган зўравонликка ҳам) тегишли.

«[Ушбу мамлакатларда] тахминан 150 миллион бола яшайди ва бу улар учун асосий ўзгаришдир. Бу дунёга узатиладиган кучли сигнал, бу биз кетмоқчи бўлган йўл эканлигини ва биз болаларга нисбатан зўравонликни қабул қилмаслигимизни англатади», — деди ЖССТнинг бу соҳадаги адвокация бўйича мутахассиси.

Қирғизистонда ҳар йили болалар жисмоний, сексуал ва эмоционал зўравонликдан азият чекишади, уларнинг айрим ҳолатлари боланинг ўлдирилиши билан якунланади. Болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўриниши инсон ҳаётининг ҳар бир босқичида — болаликдан тўлиқ ўсиш жараёнигача вайронкор оқибатларга олиб келади.