Акаев 2005 йили тўнтаришни АҚШнинг қўллови билан жиноий кучлар амалга оширган деб ҳисоблайди

51

2005 йилда инқилоб натижасида ағдарилган Қирғизистоннинг собиқ президенти Аскар Акаев 10 ноябр куни «Российская газета»сига интервью берди. Унга кўра, Россиядаги илмий ишларини якунлаганидан сўнг Қирғизистонга қайтишни режалаштираётганини айтди.

Акаевнинг фикрича, 2005 йилдаги «лола инқилоби»да АҚШ кўмагини олган жиноий гуруҳлар иштирок этган. Унинг айтишича, ўша пайтда у АҚШ учун номақбул бўлиб қолган эди, чунки 2003 йилда мамлакатда Россия ҳарбий базасини жойлаштирган ва 2004 йилда «Манас» аэропортига АҚШнинг «Авакс» разведка самолётини жойлаштиришни рад этган эди.

«Мутаҳассислар томонидан турли суммалар келтирилган, $10 млн дан $50 млн гача. Шундай қилиб, АҚШ учун «лола инқилоби» анча арзон тушган, лекин Қирғизистон халқи учун бу жуда қимматга тушган: деярли 15 йиллик беқарорлик ва ҳаддан ташқари нотинчлик, шунингдек иқтисодий тўхталиш. Бу йилларни халқ ҳақли равишда «йўқотилган ўн йиллик» деб атайди», — деди Акаев.

У 2005 йилда Қирғизистон «сиёсий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан барқарор ва фаровон давлат» бўлганини таъкидлади.

Бироқ, унинг айтишича, Бакиев, Отунбаева ва Атамбаев бошчилигидаги «фитначилар гуруҳи томонидан ташкил этилган давлат тўнтариши» мамлакатдаги сиёсий вазиятга кейинги йилларда салбий таъсир кўрсатган.

«Ўша кундаги менинг сўнгги қарорим: «Ҳеч қандай ҳолатда ўқ узмаслик!» бўлган. Мен юртдошларимга қарши қурол ишлатишни мумкин деб ҳисобламадим, чунки улар провокаторлар ва тузғичилар томонидан АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси кўмагида авантюрага тортилиб кетган эди», — деди у.

Интервьюнинг якунларида Акаев яна бир бор президент ваколатларини ихтиёрий равишда топширганини, «ҳокимиятсизлик инқирозини келтириб чиқармаслик ва ўз халқини янги президент сайлаш имкониятига эга қилиш» учун шундай қилганини таъкидлади.

Бу Акаевнинг «лола инқилоби» ҳақидаги илк баёноти эмас. 2019 йилда у намойишчиларнинг кўпчилиги «жиноий тоифа вакиллари» эканини айтган эди, унинг айтишича, унга бу ҳақда хабар берилган, бундан ташқари, «бу сезилиб турган» эди.

Шу билан бирга, 2021 йилда у қирғизистонликлардан «ҳокимиятни конституциявий йўл билан топширолмагани» учун узр сўради. Акаев ўзининг ва оиласининг давлат ишларига аралашмаганини қайд этмоқда.

Аскар Акаев — Қирғизистонда ағдарилган биринчи президент. У 2005 йилда инқилоб ва аҳолининг норозилиги сабабли мамлакатдан қочиб кетган. Унинг ҳукмронлиги коррупция, ҳокимиятни ўзлаштириш ҳамда Жалолобод вилояти Акси тумани Боспиек қишлоғида тинч митинг пайтида фуқароларга қарши қурол ишлатилиши билан эсда қолган.