Президент Садир Жапаров давлат агентлиги «Кабар»га берган навбатдаги интервьюсида колониядаги фаол Мелис Аспековнинг «туҳмат» видео-мурожаатларига жавоб қайтармаслигини айтди.
Давлат раҳбарига кўра, «ҳурувчилар»нинг баёнотларига жавоб беришга унинг вақти йўқ, чунки у ишлашда давом этиши керак.
«Мен аввал ҳам айтган эдим, жавоб ҳам бермайман, эътибор ҳам қаратмайман. Агар ҳар бир «қичқираётган ит»га эътибор қаратсангиз, мақсадга етиб бўлмайди. Мамлакатни ботқоқдан қандай қилиб чиқараман, агар давлат ишлари билан шуғулланмасдан ҳар бир фирибгарга жавоб қайтарсам? […] Нега мен вақтимни беҳуда сарфлашим керак?» — деди президент.
Жапаров журналист Болот Темировнинг таҳқиқотларини ҳам эътиборсиз қолдиришини билдирди. Унинг таъкидлашича, қирғизистонликлар ўзлари «ҳақиқат кимнинг томонида эканини» ажратиб олишлари мумкин.
«Канышай [Мамирқулова] ва Сабир [Муқанбетов] — «қичқираётган итлар»дан бири. Улар давлатда содир бўлаётган яхшиликлар ва ривожланишларни кўрмайдиган қирғиз халқи душманларидир. Улар ташқаридан молиялаштириладиган шахслар бўлиб, «ёнида тош билан» юришади. Улар шундай одамларки, мамлакатда тартибсизлик бўлса, уларнинг чўнтаклари тўлади, қоринлари тўяди ва кайфиятлари кўтарилади», — дея фикр билдирди у.
Шу билан бирга, президент Қирғизистон дунёдаги 30 та ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олишини таъкидлади. Энг асосийси, қирғизистонликларнинг кўпчилиги ҳукуматни қўллаб-қувватлаши зарур, деди у.
Аввалроқ интернетда Садир Жапаровнинг собиқ тарафдори Мелис Аспековнинг видеороликлари тарқалган эди. Уларда фаол коррупцияга қўл урган собиқ божхоначи Райимбек Матраимов, уюшган жиноят етакчиси Камчи Кўлбоевнинг ўлдирилиши ва президент ҳақида гапирган. Шунингдек, Аспеков Кумтор конидаги ҳолат ҳақида ҳам сўз юритган. Унинг фикрича, Кумтор бўйича Centerra Gold билан тузилган битим Қирғизистон учун манфаатли бўлмаган.