«Бештадан-ўнтадан туғинг». Ташиев яна аёлларни кўпроқ фарзанд туғишга чақириб, тўловларни ваъда қилди

38
Қирғизистон Давлат хавфсизлик қўмитаси раҳбари Камчибек Ташиев қирғизистонлик аёлларни кўпроқ фарзанд кўришга чақирди. У бу ҳақда Норин шаҳридаги Давлат хавфсизлик қўмитаси бошқармаси қошидаги болалар боғчаси очилиш маросимида айтиб ўтди.

Ташиевнинг фикрича, Қирғизистондаги оилалар кўп болали бўлиши керак. У қирғиз аёллари бешдан ўнтагача фарзанд кўриши кераклигини таъкидлади.

«Бизда кўп фарзанд бўлиши керак. Қизлар, келинлар кўпроқ фарзанд кўришлари лозим. [...] Фақат шунда Қирғизистон ривожланади. [...] Давлат хавфсизлиги аҳоли сонига боғлиқ. Агар аҳоли ўсмаса, хавфсизликни таъминлаш қийин бўлади. Дунёда кўп ўзгаришлар содир бўлмоқда, барча қўшни давлатларда аҳоли сони биздан кўпроқ. Шунинг учун бу масалага жиддий ёндашайлик», — деди у.

Ташиев давлат туғилиш даражасини ошириш учун барча шарт-шароитларни яратишга тайёр эканини, болалар боғчалари, мактаблар ва бошқа ижтимоий объектлар қурилишини таъминлашини айтди.

Шунингдек, Давлат хавфсизлик қўмитаси раҳбари ҳукуматнинг баланд тоғли ҳудудлардаги аҳоли учун она капитали жорий қилиш режалари ҳақида маълум қилди. Унинг айтишича, мамлакатнинг айрим ҳудудларида тўртинчи бола учун 100 минг сўм, бешинчи бола учун 600 минг, еттинчи бола учун эса бир миллион сўм тўланади.

«Саккизинчи ва тўққизинчи бола учун 1,5 миллион сом, ўнинчи бола учун эса 2 миллион сом тўлов берилади. Биз бундай чораларни яхши ҳаётдан эмас, балки заруратдан кўрмоқдамиз. [...] Норин вилояти тўлиқ тоғли ҳудуд. Демак, умид қиламанки, вилоят аҳолиси яқин йилларда кескин ортади. Баъзилар менинг сўзларимни ҳазил сифатида қабул қилишмоқда. Йўқ, бу жуда жиддий давлат дастури. Биз аҳоли сонини тезда 10-15-20 миллион кишига етказишимиз керак. Шунда мамлакат келажагидан хавотир олмаймиз», — дея хулоса қилди у.

Ташиев бу каби чақириқни аввал ҳам қилган эди. Октябрь ойи ўрталарида Ташиев Оший шаҳрида «Ақилмон» болалар боғчаси очилишида Давлат хавфсизлик қўмитаси ходимларининг рафиқаларини «Қирғизистон ривожи учун» кўпроқ фарзанд кўришга чақирган эди.

Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йил 1 январь ҳолатига аҳоли сони 7,1 миллион кишини ташкил этган.