«Қораламоқда». Орунбеков «Клооп» ва Болот Темировнинг суриштирувига жавоб берди 

128

Президент маъмуриятининг ахборот сиёсати бўлимининг етакчиси Дайирбек Орунбеков «Клооп» ва Болот Темировнинг суриштируви бўйича фикрини билдирди. Аввалроқ нашр Садир Жапаровнинг қариндошлари ва яқинлари Бишкекдаги «Мадина» улгуржи газлама бозори билан ёнидаги ишхоналарни қандай қилиб қўлга киритганини ўрганиб чиққан.

Орунбеков материалда «бирорта ҳам исбот йўқ» ҳамда суриштирув «миш-мишларга таяниб тайёрланган» деб ҳисоблайди. 

 «Бизни бундай бўҳтонлар тўхтатолмайди. Бошлиғимиз ҳам айтган эди: “Бундай бўҳтончиларга эътибор қаратманг” деб. Президентнинг жамоаси куну тун шижоатли режаларни амалга ошириш устида ишлаяпти ва оддий одамлар манфаати йўлида ишлашда давом этади», — деб ёзди у.

Президент маъмурияти матбуот котиби давлат «Клооп» сайтини блоклаб қўйганини ва Болот Темировни бутунлай мамлакатдан чиқариб юборганини эслатди. Орунбеков қирғизистонликларни бундай манбаларга ишонмасликка чақирди.

«Сизнингча, обрўси шубҳали бўлганларга ишониш тўғрими? […] “Биз шундай эшитдик, одамлар шундай деди, шундай деб ўйладик” — миш-мишларга асосланган [таҳлил] шу йўсинда тайёрланган», — деди амалдор.

Шунингдек, «Клооп» Temirov Live билан ҳамкорликда «Тикиш қироллари. Президентнинг дўстлари ва яқинлари “Мадина” бозорини қўлга киритди» номли таҳлилни эълон қилган.

Журналистларнинг аниқлашича, бозор ҳозирда контрабанда қироли Ҳабибулло Абдуқадирнинг ўғлига тегишли бўлиб, у президентнинг ўғли Рустам Жапаровнинг дўстлари билан бизнес қилиб келади.

Аввалроқ «Мадина» Турсунтой Салимовга тегишли эди, аммо ҳуқуқ-тартибот идоралари уни Камчи Кўлбоевнинг уюшган жиноий гуруҳини молиялаштиришда айблаб, тўқимачилик бизнесидан маҳрум қилган.

Журналистларнинг маълумотларига кўра, Абдуқадыр бозор яқинида жойлашган Қирғизистон пахта-тўқимачилик комбинатини ҳам қўлга киритган. 2023 йил сентябрда Давлат хавфсизлик қўмитаси комбинатни давлат мулкига қайтарганини маълум қилган эди.

Шу йил март ойида Бишкек шаҳар ҳокимияти «Мадина» бозорини кўчириш ҳақида эълон қилди, аммо кейин бу режалардан воз кечди. Кейинчалик ҳукумат бозорнинг жанубий қисмидаги павильонларни бузишни бошлади. Маълум бўлишича, «Мадина» яқинида катта янги бозор қурилаётган экан.

Журналистларнинг аниқлашича, қурилишни президентнинг укаси Сабир Жапаров, президентнинг бизнес ҳамкори Арзибек Бурхонов ва ички ишлар вазири Улан Ниязбековнинг дўсти амалга оширмоқда.

Бурхонов ўз навбатида «Сан Сити» соғломлаштириш марказини, президентнинг бошқарув ишлари бўйича ҳамкори Александр Голенко эса темир-бетон заводини қўлга киритган. Бу икки объект ҳам «Мадина» бозори яқинида жойлашган.