Жогорку Кенгаш 30 октябрь куни «Қирғизистон Республикасидаги қимор ўйинлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришларни уч ўқишда қабул қилди. Ҳужжат Вазирлар Маҳкамаси томонидан таклиф қилинган эди.
Ҳужжат муаллифлари қонундаги қиморхона ва бошқа қимор ўйинлари муассасаларининг давлатга тўлиқ ёки қисман тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари, шунингдек, давлат улушига эга ташкилотларда жойлашиши мумкин эмаслигини белгилаган бандни чиқаришни таклиф қилишган.
Лойиҳа ташаббускорларига кўра, ҳужжат инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш ва солиқ тушумларини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.
2022 йил июнь ойида президент Садир Жапаров Қирғизистонда қиморхоналар фаолиятига рухсат берувчи қонунни имзолаган эди. Бу қонун парламентда жанжалли муҳокамалардан сўнг қабул қилинган ва мамлакатнинг бир неча шаҳрида қиморхоналарга қарши митинглар ўтказилган эди.
Президент матбуот хизмати таъкидлашича, қонун инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали давлат бюджетига қўшимча маблағлар киритилишини мақсад қилган. Қиморхона мижозлари Қирғизистон фуқаролари, шунингдек, ҳаракатга лаёқатсиз ва 21 ёшга етмаган хорижликлар бўла олмайди.