Жапаров: Нега ёшларни, келажак авлодни илҳомлантирадиган мадҳия ёзмаслик керак?

52

Президент Садир Жапаров Қирғизистон давлат гимнини ўзгартириш ғоясини қўллаб-қувватлади. У бу ҳақда жамоатчиликдаги баҳсларга «Кабар» давлат агентлигига берган интервюсида изоҳ берди.

Давлат раҳбари таъкидлашича, гимн ёзилганидан буён Қирғизистон дунёда тан олинган мустақил давлат сифатида тўлиқ шаклланган. Унинг фикрича, эндиликда гимнда “эркин бўлганимизни” эмас, балки “мустақил эканлигимизни” ёдга олиш зарур.

«Агар биз гимнни ўзгартирсак, яхши бўлади. Уни янгилашда нима ёмонлик бор? Ҳозирги давлат гимнимиз 33 йил олдин, мустақиллик йилларида ёзилган [...] Ҳатто юз йил ўтса-чи, биз ҳали ҳам эркин бўлганимизни ва мустақил давлатга айланганимизни куйлаб юраверамизми?» — деди Жапаров.

Жапаров ёшлар ва келажак авлодлар учун Ватанпарварлик ҳиссини уйғотувчи, Қирғизистонни бирлаштиришга ва асрашга чақирувчи гимн яратишни таклиф қилди.

«Нега мустақил давлат эканлигимизни, беш минг йиллик тарихга эга халқ эканлигимизни куйламаслик керак? Албатта, ҳозирги гимнимиз унутилмайди. Илк гимнимиз бўлгани учун тарихда, архивларда қолади», — деди у.

Президент ўзгаришларга қарши бўлганларга нисбатан давлат байроғининг янгиланишини мисол қилиб келтирди ва буни “илгариги байроққа нисбатан олға қадам” деб баҳолади.

«Флагни ўзгартиришга айрим демагог ва популистлар қаршилик билдиришган. Энди байроғимиз ёмонми? [...] Илгариги байроғимиздаги қуёш рамзи қизиқ бир кўринишда эди. Ҳозирги байроғдаги қуёш рамзини кўрган одам дарҳол унинг қуёш нури эканини тушунади. У нур сочмоқда», — деди президент.

Жапаровнинг таъкидлашича, гимнни янгига дарҳол алмаштириш режалаштирилмаган. Аввал ижодкорлар янги гимн лойиҳасини оммага тақдим этадилар. Агар аксарият қирғизистонликлар янги гимнни қўллаб-қувватласа, уни қабул қилиш яхши бўлишини билдирди.

Аввалроқ гимнни ўзгартириш ташаббусини Жогорку Кенгаш спикери Нурланбек Шакиев илгари сурган эди. Унинг айтишича, ҳозир республика “тикланган ва тараққиёт йўлига қўйилган”, ҳозирги гимн эса мамлакат СССР таркибидан чиққандан кейин қабул қилинган.

Кейинчалик президент матбуот котиби Аскат Алагозов спикернинг сўзларини унинг шахсий фикри сифатида қабул қилишни таклиф қилди. Агар кўпчилик фуқаролар гимн ўзгаришига қарши бўлса, уни ўзгартиришга эҳтиёж бўлмаслигини қўшимча қилди.