Суд қарорига кўра, «Оберон» бозорлари Дордой ва Ўртасой бозорлари жойлашган ер майдонлари Бишкек шаҳар мэриясининг муниципал мулкига ўтказилди. МХДҚ маълум қилишича, бу қарор ер участкаларини ноқонуний хусусийлаштириш бўйича иш доирасида қабул қилинган.
Махсус хизматнинг маълумотига кўра, 1998 йилда «Оберон» масъулияти чекланган жамияти бозорларнинг ер майдонларини ноқонуний тарзда эгаллаб олган. МХДҚнинг таъкидлашича, аввалда улар ер майдонларини ижарага олган, аммо кейинроқ «мансабдор шахслар билан келишган ҳолда» хусусий мулк ҳуқуқи бўйича давлат ҳужжатларини олган. Шундан сўнг шаҳар ҳокимлиги ноқонуний берилган қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида судга даъво киритган. Натижада Бишкек маъмурий суди ва пойтахт шаҳар суди мазкур даъвони қаноатлантирган.
«Шу тариқа, давлат фойдасига умумий майдони 8,1 гектар бўлган, қиймати 3 миллиард 889 миллион 563 сомлик ер участкалари қайтарилди. Келгусида ушбу бозорлардан тушган даромад Бишкек шаҳри бюджетини бойитади», — деб хабар берди МХДҚ.
Махсус хизмат қўшимча қилишича, улар шунга ўхшаш ҳолатларни аниқлаш ва олдини олиш ишларини давом эттирмоқда.
Шунингдек, «Оберон»нинг эгаси Нуржамал Байболова ҳокимият ҳаракатларини «ҳукумат ва унинг қўйилган амалдорлари томонидан мулкдорлар ва тадбиркорларга қарши ўтказилаётган навбатдаги зўравонлик ва талончилик сиёсати эпизоди» деб атади ҳамда суд қарорларини ноодилона деб баҳолади. У биринчи ва иккинчи инстанция судлари қарорларини Олий судда қайта кўриб чиқишни сўраб шикоят қилишини маълум қилди.