Грузия президенти Саломе Зурабишвили россияпараст «Грузия орзуси» ҳукумат партиясининг ғалабасини тан олмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда у 27 октябрь куни ўтган парламент сайловлари якунлари бўйича мухолифат матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Зурабишвилининг сўзларига кўра, сайловлар «кўплаб ва хилма-хил» қонунбузарликлар билан ўтган ва бу пророссиячи партиянинг фойдасига хизмат қилган. DW нашрининг ёзишича, президент сайловларни «Грузия халқини йўқ қилишга қаратилган Россия махсус операцияси» деб атаган.
«Бу сайловларни тан олиш мумкин эмас. Бу Россиянинг бу ерга келиши ва Грузиянинг унга бўйсунишига тенгдир. Мен бу мамлакатга бунга рози бўлиш учун келмадим, бунга бизнинг аждодларимиз яшамади ва биз буни қабул қилмаймиз [...] Мамлакатнинг европача келажаги учун овоз берган ҳар бир кишига раҳмат», — деди у.
Зурабишвили фуқароларни адолатсиз сайловларга қарши норозилик билдириш ва ўз конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида парламент олдига чиқишга чақирди. Норозилик акцияси бугун кечқурун Тбилисидаги Шота Руставели проспектида бошланиши кутилмоқда.
Зурабишвилидан ташқари, собиқ президентлар Михаил Саакашвили ва Гиорги Маргвелашвили ҳам сайлов якунларини тан олишдан бош тортди, улар ҳам мухолифатнинг депутатлик мандатларидан воз кечиш қарорини қўллаб-қувватлаб, норозиликка чақирди.
26 октябрь куни Грузияда ўтган парламент сайловлари натижаларига кўра, «Грузия орзуси» партияси сайловчиларнинг 54,08% овозини олди. Шу тариқа, ҳукумат партияси парламентдаги 150 ўриндан 89 тасини эгаллаш ҳуқуқига эга бўлди ва тўртинчи муддатга ҳокимиятда қолмоқда.
Грузия Марказий сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра, яна тўрт партия — «Ўзгаришлар коалицияси», «Бирлик — Миллий ҳаракат», «Кучли Грузия» ва «Грузия учун» партиялари 5%лик сайлов босқичини жудай олди.