Қирғизистон ҳукумати «сармояларни жалб қилиш» мақсадида давлат улушига эга меҳмонхоналарда казиноларни очишни таклиф қилмоқда

74

Ҳукумат Қирғизистон Республикасидаги «Қимор ўйинлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди ва ҳужжат Жогорку Кенешга тақдим этилди.

Ҳужжат муаллифлари қонундан казинолар тўлиқ ёки қисман давлатга тегишли бўлган мулк объектларида, шунингдек давлат улушига эга ташкилотларда жойлашмаслиги ҳақидаги бандини олиб ташлашни таклиф қилмоқда.

«Қимор ўйинларини давлат ва муниципал мулкига мансуб меҳмонхоналарда жойлаштириш нафақат сайёҳлар оқимини оширади, балки уларнинг ички ва халқаро бозорларда рақобатбардошлигини ҳам оширади. Бу бюджетга қўшимча даромад манбалари яратади, уларни республика туризм инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтириш мумкин», — дейилади асосномада.

Ташаббускорларнинг сўзларига кўра, бу ҳужжат сармояларни жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва солиқ тушумларини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

2022 йил июнь ойида президент Садыр Жапаров Қирғизистонда казино фаолиятига рухсат берувчи қонунни имзолаган эди. Ундан аввал парламент қонунни тўрт маротаба рад этиб, бешинчи уринишда қабул қилган, шунингдек мамлакатнинг бир нечта шаҳарларида казиноларга қарши митинглар ўтказилган эди.

Президент матбуот хизматига кўра, қонун давлат бюджетига қўшимча маблағлар жалб қилиш учун сармоявий муҳитни яхшилашга қаратилган. Қимор ўйинларида фақат хорижликлар иштирок эта олади, Қирғизистон фуқаролари ҳамда 21 ёшга тўлмаган ёки ҳуқуқий қобилияти чекланган шахсларга казинода иштирок этиш тақиқланади.