Акс ҳолда янги автобуслар ҳам «автобуслар қабристонига» айланади — Бишкек мэриясы йўл ҳақини нақдсиз тўловга чақирди

60

Бишкек шаҳар мэрияси шаҳар аҳолисини «Тулпар» картасини сотиб олиш ёки жамоат транспортида йўл ҳақини нақдсиз тўлашга ўтишга чақирди. Акс ҳолда, идоранинг таъкидлашича, бир неча йилдан сўнг янги автобуслар ҳам «автобусларнинг қабристонига» айланиши мумкин.

Муниципалитетдан айтилишича, нақд тўловлардан тушган маблағлар автобус парк ҳисоб рақамига тўлиқ тушмайди. Пул етишмовчилиги туфайли автобусларни ўз вақтида таъмирлаш имкони бўлмайди, бу эса уларнинг 15-20 йил хизмат қилишини таъминлай олмайди.

«Муаммо шундаки, агар эҳтиёт қисмлар ўз вақтида етказилмаса, таъмирлаш ишларини ўз вақтида бажариб бўлмайди. Умумий ҳисобда 1500 та автобус шаҳарга хизмат кўрсатади. Шуни унутмангки, бу автобуслар сизларнинг пулларингизга сотиб олинган», — деди матбуот хизмати.

Муассасининг таъкидлашича, Бишкекда яшамайдиганлар ҳам «Тулпар» картасини сотиб олиб, уни 100-1000 сомга тўлдиришлари мумкин — ҳар бир автобусдаги сафар учун балансдан 17 сом ечилади.

«Агар сиз шаҳарга келмасангиз ёки автобусдан фойдаланмасангиз, пулларингиз картада сақланиб қолади, ҳатто бир йил ўтса ҳам. Ҳеч ким пулларингизни олмайди […] Ҳеч қандай хавотирга тушиш ёки муаммо яратиш керак эмас», — деди мэрия.

Аввалроқ шаҳар мэрияси Транспорт департаментининг директор ўринбосари Бақит Саримсаков, агар 95% аҳоли нақдсиз тўловга ўтса, нақд тўловларни бекор қилиш мумкинлигини айтган эди.

Президент Садир Жапаров ҳам бишкекликларни «Тулпар» картасини сотиб олишга чақирган эди, чунки улар йўл ҳақининг кўтарилишига дуч келмасликлари мумкин. Бундан аввал Бишкек шаҳар ҳокимияти нақд йўл ҳақини оширишни таклиф қилган эди. Муниципалитет маълумотларига кўра, тариф 30-40 сомгача кўтарилиши мумкин.

Амалдаги тариф бўйича муниципал автобуслар ва троллейбусларда йўл ҳақини нақдсиз тўлашда 17 сом, нақд тўлашда 20 сомни ташкил этади. Хусусий автобуслар ва маршруткада эса йўл ҳақи 20 сом.