Вебкам-студияларни ташкил этганлиги учун тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилинган Даниэл Ажиевнинг онаси «Ынтымак Ордо» президент маъмуриятининг янги биноси дарвозасига Lexus русумидаги автомобилда урилди. Бу маълумотни 24.kg ва Kaktus.media нашрларига уларнинг манбалари тасдиқлади.
Инцидент тасвирланган видеони ОАВга гувоҳ юборган. Унинг айтишича, бу тахминан соат 14:30 да содир бўлган ва автомашина ичида Ажиевнинг онасига ўхшаган аёл ўтирган.
«У ҳамма нарсани тортиб олишганини ва ўғлини қамоқда ушлаб турганликларини бақириб айтди», — деди гувоҳ. Унинг қўшимча қилишича, шунингдек, қўриқчилар аёлни бошқа автомобилга ўтқазиб, номаълум йўналишга олиб кетишган.
Ленин тумани ИИБ маълумотига кўра, автомашина бошқарувида 65 ёшли А.С. (Сайкал Ажиева) исмли аёл бўлган. У милицияга етказилган ва ҳозирда дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.
Президент матбуот котиби Аскат Алагозовнинг айтишича, инцидент содир бўлган пайтда Садир Жапаров президент маъмурияти биносида бўлмаган.
Аввалроқ, Ажиевнинг онаси президент ва Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарига мурожаат қилиб, оиласига ёрдам беришларини сўраган. Унинг сўзларига кўра, уларнинг 2 миллион долларлик мулки — учта квартира, иккита шахсий уй ва тўртта автомобил мусодара қилинган. Ҳозир уларнинг борадиган жойи йўқ, деб айтган эди аёл.
Шунингдек, унинг рафиқаси активларининг 25%ини амнистия қилиш учун махсус декларация тақдим этганини билдирган. У президентга ушбу мулкнинг бир қисмини қайтариб беришни таклиф қилиб, «қонунчиликда жиноий даромадларни легаллаштириш ҳақидаги қонун ишлашини намойиш қилиш» таклифини билдирган эди.
Даниэл Ажиев 2023 йилнинг 5 июнида трансмиллий вебкам-студиялар тармоғини ташкил этганлиги учун қўлга олинган. 31 июль куни Бишкекнинг Биринчи Май туман суди уни фоҳишахоналар ташкил қилиш ёки ушлаб туриш, порнографик материаллар тарқатиш, уюшган жиноий гуруҳ яратиш ва фирибгарлик йўли билан мол-мулкка зарар етказишда айбдор деб топди. У тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилинди ва мол-мулки мусодара қилинди. Шунингдек, суд ундан 220 минг сом жарима ундириб, икки йил давомида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни тақиқлади.