Бишкек шаҳар суди оқин Аскат Жетигенга уч йил колония жазосини ўз кучида қолдирди

129

«Клооп»га унинг адвокати Самат Матцаков хабар беришича, судьялар ҳайъати бу қарорни 17 октябрь куниги йиғилишда қабул қилган.

Шу тариқа, Бишкек шаҳар суди Свердлов туман судининг 1 июлдаги ҳукмини ўзгартишсиз қолдирди. Унда Аскат Жетиген ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга очиқча чақирганликда айбдор деб топилиб, уч йил умумий режимдаги колонияга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган эди.

Ишнинг иккинчи эпизоди – оммавий тартибсизликка чақириш бўйича судлар ҳар икки босқичда ҳам уни оқлади.

Аскат Жетиген ҳукм эълон қилингач, оммавий тартибсизликка чақирмаганини, балки фақатгина одобсизлик қилганини айтди.

«Бунинг учун халқдан узр сўрайман. Лекин бу сўзлар Жиноят кодексида кўзда тутилган жазо чораларига мос эмас. Бу маъмурий кодекс доирасидаги жарима билан тугаши керак эди», — дея оқиннинг сўзларидан «Азаттиқ» иқтибос келтирган.

Аскат Жетиген 20 март куни президент Садир Жапаровни танқид қилиб, унга нисбатан ноўрин сўзлар ишлатган видеони эълон қилганидан кейин қўлга олинган. Шундан бери у СИЗО-1 да сақланмоқда.

Аввалроқ акын бишкекдаги Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг бўлимида бир соат давомида электр токи билан қийноққа солинганини билдирган. Аммо махсус хизмат унинг даъволарига изоҳ бермаган.