Жогорку Кенеш қонунчилик, жиноятчиликка қарши кураш ва коррупцияга қарши кураш қўмитасининг мажлисида интернет ва оммавий ахборот воситаларида бўҳтон ва ҳақоратлар учун жарималар тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Адлия вазири ўринбосари Орозбек Сидиқовнинг айтишича, фуқаролар ижтимоий тармоқларда постлар остида қолдирилган изоҳлар учун ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин.
«Изоҳлар интернетнинг бир қисми бўлгани учун, агар бирор шахс ҳақида ижобий пост остида бўҳтон изоҳ қолдирилса, у шахс жавобгарликка тортилади», — деди Сидиқов.
Бунга жавобан депутат Динара Ашилова Маданият вазирлигида (қонун лойиҳаси ташаббускори) бундай ҳуқуқбузарликларни тўлиқ ва объектив кўриб чиқиш учун етарли захира ва имконият бор-йўқлигини сўради.
Маданият вазири ўринбосари Марат Тағаев вазирлик ҳузурида ахборот муҳитини тадқиқ қилиш маркази ташкил этилганини маълум қилди.
«Агар қонун кучга кирса, иш ҳажми ортиши мумкин. Ходимлар сони чегараланган. Иш жараёнида улар ўз вазифаларини қай даражада бажара олишига қараб кўрамиз. Агар иш ҳажми ортиб борса, штатни кенгайтириш масаласини кўриб чиқамиз», — деди у.
Қўмита аъзолари қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллашди.
Бу қонун лойиҳасига кўра, оммавий ахборот воситаларида ёки интернетда ҳақорат учун жисмоний шахсларга 100 минг сом, юридик шахсларга эса 200 минг сом миқдорида жарима солиш таклиф этилмоқда. Бўҳтон учун ҳам худди шундай жарималар жорий этиш режалаштирилган. Қонун ташаббускорларининг таъкидлашича, сўнгги пайтларда ОАВ ва интернет орқали ҳақорат ва таҳқирлаш ҳолатлари кўпайган.