Президент Садир Жапаров бу ҳақда россиялик журналист Павел Зарубинга берган интервьюсида билдирди. Журналист ундан «Ғарб давлатлари МДХдаги ҳамкорларини Россия билан ҳамкорликдан бош тортишини истаётганини яширмайди, бунга сиз қандай қарайсиз» деб сўраган.
«Бу, албатта, тўғри эмас. Европанинг ўзида ҳам НАТО ёки Евроиттифоққа аъзо давлатлар бор, улар ҳам Россия билан ҳамкорлик қилади. Шунинг учун, улар бизга Россия ёки МДХ билан хамкорлик қилишимизни тўхтатиш бўйича кўрсатма бермаслиги ёки илтимос қилмаслиги керак», — деди Жапаров.
Рус ҳарбийлари бостириб киргандан бери Украинада уруш бўлаётганига икки ярим йилдан орди. Америка ва Ғарб давлатлари Россияга нисбатан санкция киритиб, унга ёрдамлашган ўлкалар ҳам санкцияга учраши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Қирғиз ҳукумати эса Украинадаги урушга нисбатан позицияси холис эканини, икки давлатни тинчликка чорлашини билдирган.