Қирғизистон вазирлар маҳкамасининг раҳбари Ақилбек Жапаров мобил телефонларни Давлат идентификация тизимида мажбурий рўйхатдан ўтказиш масаласига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Вазирлар маҳкамасининг матбуот хизмати хабар берди.
Жапаров учрашув чоғида Қирғизистон фуқароларининг аксарияти телефонларни рўйхатдан ўтказиш бўйича маълумотлар йўқлигидан шикоят қилганини айтди.
У масъул идораларга бу муаммони ҳал қилишни буюриб, акс ҳолда давлат «Инмобайлс» МЧЖ билан шартномани бекор қилиши мумкинлигини билдирди.
«Зарурат туғилган тақдирда, IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказувчи компания билан шартномани бекор қилиш каби қатъий чоралар кўрилади», — дея Жапаровнинг сўзларидан иқтибос келтиради Вазирлар Маҳкамасининг матбуот хизмати.
Фуқаролар телефонларини рўйхатдан ўтказишда муаммолар борлигидан шикоят қилишда давом этмоқда. Депутат Дастан Бекешевга кўра, айримлар мобил телефонини рўйхатдан ўтказиш учун 600 сом тўлаган, лекин рўйхатдан ўтказа олмаяпти.
Қирғизистонда мобил телефонларни Давлат идентификация тизимида мажбурий рўйхатдан ўтказиш жорий йилнинг 25 июнидан бошланган эди. Телефонни рўйхатдан ўтказиш бўйича ваколатли давлат органи УКМК ҳисобланади, «Инмобайлс» МЧЖ эса IMEI--кодни рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланади.