Қозоғистон: Референдум иштирокчиларининг 70%дан ортиғи АЭС қурилишини қўллади

138

Қозоғистонда 6 октябрь куни атом электр станцияси қурилиши бўйича референдум ўтказилди.

Қозоғистон Марказий сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра, дастлабки натижаларга кўра, иштирокчиларнинг 71,12%и АЭС қурилишини қўллаб-қувватлади. Бу 5 миллион 500 мингдан ортиқ одамни ташкил қилади.

Референдумда жами 7,8 миллион қозоғистонлик қатнашган бўлиб, қатнашув даражаси 63%дан юқори бўлди.

Референдум ўтказилган кунда экзитполлар ҳам ўтказилди. Масалан, Остонадаги комплекс ижтимоий тадқиқотлар институти ўзининг дастлабки натижаларини эълон қилди. Уларнинг маълумотларига кўра, 69,8% иштирокчи АЭС қурилиши учун овоз берган бўлса, 30,2% қарши овоз берган. Шу билан бирга, Қозоғистоннинг AMANAT партияси натижаларига кўра, АЭСни 70%дан ортиқ аҳоли қўллаб-қувватлаган, қаршилар сони эса 28% га яқин.

Аввалроқ Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев мамлакатда ҳам атом электр станцияси қуриш режаси ўйлаб кўрилаётганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, энергетиклар «Росатом» АЭСи учун муносиб жойни қидира бошлашган.

Шу билан бирга, вазир халқ рози бўлмасдан туриб, АЭС қурилиши бошланмаслигини таъкидлади. Бироқ, унинг айтишича, қўшни давлатлар бу йўналишда аллақачон илгарилаб бормоқда. Ибраев Қозоғистонни мисол қилиб кўрсатиб, референдум натижаси ҳаммасига ойдинлик киритишини айтди.