Қирғизистон Республикаси фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритиш бўйича таклиф, парламентнинг ижтимоий сиёсат қўмитаси томонидан 7 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда биринчи ўқишда маъқулланди. Ҳужжатда давлат шифохоналари раҳбарларига бир вақтнинг ўзида хусусий клиникаларда ишлашни тақиқлаш назарда тутилган.
Бу ташаббусни депутатлар Айсулуу Мамашова, Нилуфар Алимжанова, Аида Исатбек қизи ва Бахридин Шабазов илгари суришган.
Депутатлар давлат шифохоналари раҳбарлари хусусий клиникаларда ҳам ишлаганда шахсий манфаатлари жамият ва беморлар манфаатларига, шунингдек, давлатнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги манфаатларига зид келиш хавфи борлигини таъкидлашмоқда.
«Давлат тиббиёт муассасалари раҳбарлари ўз муассасалари манфаатларига содиқ бўлиши керак, хусусий клиникалардан фойда кўришга эмас. […] Улар тўлиқ ўз мажбуриятларини бажаришга ва муассасаларни самарали бошқаришга бағишлаши керак, хусусий клиникалардаги ишларга чалғимаслиги лозим», — деб ҳисоблайди депутатлар.
Ҳужжат муаллифларининг фикрича, бу чора коррупцион схемаларни камайтиришга, жамиятнинг шифокорларга ишончини оширишга ва тиббиёт сифатини яхшилашга ёрдам беради.
Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Каарманбек Байдавлетов йиғилишда давлат шифохоналари директорларининг маоши ўртача 20-25 минг сом эканини маълум қилди.
«Бу катта муаммо. Меҳнат бозорида малакали мутахассис 20-25 минг сомга ишламайди. […] Бу қонун фақат давлат шифохоналари раҳбарларининг маошини оширсакгина яхши ишлайди. Акс ҳолда барча мутахассислар ишдан кетади ёки коррупция давом этади», — деди депутат Элдар Абакиров.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, Қирғизистонда 193 та давлат тиббиёт муассасаси мавжуд.