«Куликовский» қандолатчилик уйи 20 миллион сом жаримага тортилди

115

Солиқ хизмати кондитерлик уйи «Куликовский»ни муддати ўтган маҳсулотларни утилизация қилиш қоидаларини бузганлиги учун жаримага тортди. Бу ҳақда «Азаттиқ»қа компаниянинг бош директори Денис Гайворонский хабар берди.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда компания ўз фаолиятини одатий тартибда давом эттирмоқда.

«Биз кутилмаган талаб билан юзма-юз келдик, лекин энди ушбу тизимга мослашиб, барча қонунларга риоя қилишга ҳаракат қиламиз», — деди у.

Гайворонскийнинг сўзларига кўра, компанияга нисбатан асосий даъво муддати ўтган маҳсулотларнинг ҳисобдан чиқарилишидаги камчиликлар бўлган. Бу маҳсулотлар бошқа савдо нуқталари (дўконлар, супермаркетлар) орқали сотилади. Қонунчиликка кўра, бундай товарлар Савдо-саноат палатасининг (ССП) махсус комиссияси иштирокида йўқ қилиниши керак.

Бироқ, Гайворонскийнинг айтишича, компания ҳар куни қайтариб олинган кичик ҳажмдаги маҳсулотлар учун бу қоидаларга ҳамиша риоя қила олмаган ва махсус комиссия иштирокисиз, ўзбошимчалик билан маҳсулотларни утилизация қилган.

ССП эса «Куликовский» компанияси уларга муддати ўтган маҳсулотларни утилизация қилиш масаласида ҳеч қачон мурожаат қилмаганини маълум қилди.

Аввалроқ, 4 сентябрь куни бир нечта оммавий ахборот воситалари ўз манбаларига асосланиб, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ходимлари «Куликовский»нинг офисини тинтув қилганини хабар қилган эди. Оммавий ахборот воситаларига кўра, ўшанда ҳужжатлар, компьютерлар мусодара қилинган ва бухгалтерия бўлими муҳрлаб қўйилган. Компаниядаги текширувларнинг дастлабки сабаби солиқ қонунбузарликлари деб тахмин қилинган эди. Шундан бери МХДҚ бу иш юзасидан ҳеч қандай маълумот бермади.

«Куликовский» Қирғизистондаги энг йирик кондитерлик тармоқларидан бири ҳисобланади. Компаниянинг веб-сайтидаги маълумотларга кўра, «Куликовский»нинг Қирғизистон, Қозоғистон ва Россияда 100 дан ортиқ филиали бор ва компанияда 1500 га яқин ходим ишлайди.