Қирғизистонлик муҳожирлар ўз фарзандларини Москва мактабларига кирита олмаётганидан шикоят қилишди

138

Москвада яшаётган қирғизистонликлар ўз болаларини Россиянинг давлат мактабларига жойлаштира олмаётганларидан шикоят қилмоқдалар. Уларнинг мурожаатини жамоат фаоли Ассоль Молдокматова ижтимоий тармоқларда эълон қилди.

Мигрантлар шунингдек, Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонасига киришга имкон берилмаётганини ҳам таъкидладилар. Улар бу муаммога эътибор қаратишни сўраб, Қирғизистон ҳукуматидан ва Жогорку Кенешдан ёрдам сўрашди.

«Биз болаларимизни давлат мактабларига жойлаштира олмаяпмиз. Ҳолбуки, биз бу ерда расман ишлаяпмиз. Солиқ тўловчилармиз. Улар биз текширувдан ўтолмаётганимизни баҳона қилиб, бу йил болаларимизни умуман олишмаяпти. Мингдан ортиқ боламиз мактабга жойлаша олмаяпти ва биз уйда ўтирибмиз. Ортимизда ВНЖ, РВП ва Россия фуқаролигини олганлар бор. Элчихонага мурожаат қилолмаяпмиз, улар бизга кириш имконини бермаяпти», — дейилади мурожаатда.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) бу мурожаатга изоҳ берар экан, элчихона Россия президенти маъмуриятига, Ташқи ишлар вазирлигига ва Москва ҳукумати таълим департаментига мурожаат юборганини маълум қилди. Вазирлик маълумотларига кўра, Москва ва Москва вилоятида 224 бола мактабга жойлаштирилишини кутиб турибди.

«Россия томонининг маълумотига кўра, болаларни таълим муассасаларига қабул қилишдаги қийинчиликлар, аввало, айрим мактабларда бўш ўринларнинг йўқлиги билан боғлиқ», — дейилади ТИВ изоҳида.

ТИВ бу масала вазирликнинг алоҳида назоратида эканини ва Россия томони билан муаммони ҳал қилиш юзасидан иш олиб борилаётганини таъкидлади.

2024 йил бошига келиб, расмий маълумотларга кўра, Россияда 411 мингдан ортиқ қирғизистонлик яшаган. Аммо уларнинг қанчаси мактаб ёшидаги болалар экани тўғрисидаги маълумот мавжуд эмас.