Қирғизистонда милиция ходимларини тасвирга олишни тақиқламоқчи

100

Жогорку Кенеш депутатлари, жумладан, ИИВнинг собиқ раҳбар ўринбосари Суйун Омурзаков, Жиноят кодекси ва Ҳуқуқбузарликлар кодексига ўзгартириш киритишни таклиф қилдилар. Қонун лойиҳаси парламентга тақдим этилди.

Ҳужжат ташаббускорларининг фикрича, фуқаролар милиция ходимларининг иштирокидаги фото ва видео материалларни ижтимоий тармоқларда тарқатиш орқали «дискредитация қилишни» мақсад қилган.

«Ушбу ҳаракатлар нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширади, балки давлатнинг умумий имижига катта зарар етказади. Туристлар ва бизнес ҳамжамиятининг кўзида ҳар қандай давлатнинг барқарорлиги ҳамда инвестициявий жозибадорлиги, биринчи навбатда, сиёсий барқарорлик ва фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончи билан боғлиқ», — дейилади қонун лойиҳасига ёзилган изоҳда.

Шу тариқа, милиция ходимлари иштирокидаги фото ва видео материалларни ижтимоий тармоқларда тарқатганлик учун фуқароларга 5000 сом жарима ёки бешдан етти кунгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Яқинда ижтимоий тармоқларда Токмокдаги супермаркетлардан бирида ЙҲХБ инспектори иштирокида тасвирга олинган видео тарқалган эди. Видеода ҳуқуқ-тартиботчи кичик бананларни тортиб, улар учун чек олиб, пакетга катта бананларни солгани кўринади. Супермаркет ишчиси видеода «бу ходим дўконга бир неча бор келиб, ушбу фирибгарликни амалга оширган» деб таъкидлаган.

Натижада инспектор лавозимидан бўшатилиб, унинг бошлиғига ҳайфсан берилди.