Маданият вазирлиги блогер Али Эргешовдан унинг YouTube-канали «Эл билсин»даги видеоматериални «имкон қадар тезroq» ўчиришни талаб қилди. Унда Сўқулуқнинг Жал қишлоғида қўшниси жинсий шилқимлик қилган тўққиз ёшли қиз ҳақида гап бўлган.
Вазирлик каналда «нотўғри маълумотлар айтилиб, журналистикага тегишли қонунлар жиддий бузилганини» билдирди.
«Видеоматериалнинг бошида жинсий шилқимлик кўргани айтилган қизни онасининг гапидан парча қўйилиб, сўнгра тўрт кишининг фикри келтирилган. Улар бир оғиздан гумонланувчининг яхши одам эканини айтишган. Бироқ, материалнинг ўзида ўша одамларнинг тўлиқ фикридан фойдаланилмаган. Бу муаллифнинг жабрланувчининг даъвосини рад этишга уринишини кўрсатади. Қисқа айтилган мақтов сўзлари томошабинни манипуляциянинг қурбонига айлантириши мумкин», — дейилади вазирлик хабарида.
Маданият вазирлиги, шунингдек, блогер ўз видеоматериалида «кўп марта томошабинларга ўз фикрини мажбуран тиқиштирганини» таъкидлади.
«У шундай хулоса қилган: "Қиз ҳақиқатан ҳам тажовузга учраган бўлса, йиғларди, қочиб кетарди ва шовқин кўтарган бўларди". Лекин [муаллиф] бу масала бўйича мутахассислар, экспертлар ёки расмий идоралар фикрини сўрамади», — деди вазирлик.
Шу билан бирга, вазирлик блогер видеокузатув камераларидан олинган ёзувларни кўрсатгани, унда ноболиғ болаларнинг юзини яширмагани ва шу орқали «ОАВ тўғрисида»ги қонунни бузганини маълум қилди.
Апрелда милиция Сўқулуқнинг Жал қишлоғида 40 ёшли шахсни тўққиз ёшли қизга жинсий тажовуз қилиш гумони билан қўлга олган.
Жабрланувчининг онаси гумонланувчи «қизни гаражнинг ортига чақириб, шилқимлик қилганини» айтган.
Али Эргешовнинг YouTube-каналида 142 минг обуначи бор. 2023 йилда у «Манас» аэропортида безорилик бўйича жиноят иши доирасида қўлга олинган эди. Эргешов буни «касбий фаолияти» билан боғлиқлигини таъкидлаган. Кейинчалик суд уни уй қамоғига озод қилган.