Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Традицион халқ табобати соҳасидаги шахсларни тайёрлаш тартиби тўғрисида»ги қарор лойиҳасини илгари сурди. Ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
«Миллий анъаналар ва маданий хусусиятларни инобатга олган ҳолда, халқ табобатини анъанавий билимлар йўналишларидан бири сифатида қўллаб-қувватлаш ва уни мустақил илмий йўналишга ажратиш керак», — дейилади ҳужжатда.
Шундай қилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқ табобати усулларини ўрганиш ва тизимлаштиришни таклиф қилади, шу орқали йўналиш бўйича кафедралар, институтлар ва мактаблар учун ўқув дастурини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.
Бундан ташқари, вазирлик дипломли мутахассисларни тайёрлаш ва дори-дармонларни клиник синовдан ўтказиш учун илмий-тадқиқот институти ёки академия очмоқчи.
Лойиҳа ташаббускорлари келгусидаги мутахассисларни иглорефлексотерапия, мануал терапия, фитотерапия, апитерапия ва бошқа усулларга ўқитишни таклиф қилмоқда. Ўқишдан сўнг, улар тиббиёт муассасаларида бюджет асосида ишлай оладилар.
Қарорга кўра, шифокорлар Қирғизистон давлат тиббий қайта тайёрлаш ва малака ошириш институти (ҚДТҚТИ) базасида дипломдан кейинги ўқув курсларидан ўтиши мумкин. Шу институт базасида халқ табобати бўйича илмий даражани ҳимоя қилиш учун диссертация кенгашини очиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, ташаббускорлар Вазирлар Маҳкамасидан дори воситалари ишлаб чиқариш учун шифобахш ўтлар плантацияларини ташкил қилишни таклиф қилмоқда.