Боткенда қирғиз-тожик чегараси бўйича ишчи гуруҳлар делегациялари учрашди

76

Баткен шаҳрида 11 сентябрдан 17 сентябргача Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича топографик ишчи гуруҳларнинг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.

Вазирлар Маҳкамаси маълумотига кўра, учрашувда томонлар чегаранинг қолган қисмларида давлат чегараси йўналишини тасвирлаш бўйича таклифлар алмашган. Томонлар бу ишни Тожикистонда ўтказиладиган навбатдаги учрашувда давом эттиришга қарор қилган.
Аввалроқ, ишчи гуруҳлар август ойида учрашган эди. Ўшанда музокаралар якунлари бўйича томонлар протокол имзолаган эди.
Июль ойи охирида Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегарасининг 94 фоизи тасвирлангани маълум бўлди. Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг чегараолди масалалари бўйича махсус вакили Назирбек Борубаевнинг сўзларига кўра, қолган 6 фоиз ҳал қилинмаган участкалар Баткен туманида жойлашган. У бу участкаларни «мураккаб» деб атаган.
Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегарасининг умумий узунлиги 972 километрни ташкил қилади. Аммо Баткен вилоятидаги Тожикистон билан чегарадош ҳудудларда чегараларнинг номаълумлиги туфайли вақт-вақти билан можаролар юзага келмоқда. Энг катта можаро 2022 йил 14-17 сентябрь кунлари содир бўлган эди. Ўшанда ҳар икки томондан юздан ортиқ одам ҳалок бўлган.