Ташиев: «Ата-Журт» партияси сайловга қатнашмайди

79

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчибек Ташиев «Ата-Журт» партияси 17 ноябрда ўтувчи маҳаллий сайловларда қатнашмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Facebook саҳифасида хабар берди.

Ушбу қарорни у партиянинг ўз номи билан боғланиши билан тушунтирди.

«Мен давлат лавозимида турган ҳолда, партияни ушбу сайловларга жалб қилиш тўғри бўлмайди. Агар зарур бўлса, 2026 йилдаги парламент сайловларида ҳам қатнашмайман», — дея таъкидлади «Ата-Журт» партиясининг асосчиларидан бири.

Ташиев 2021 йилги парламент сайловларида қатнашгани ҳақидаги саволларга жавоб бериб, ўша пайтда у «жуда банд бўлгани ва сайловларга эътибор бермаганини» айтди.

«Партия аъзолари менга келишиб, уларга «Ата-Журт» партиясидан сайловларда қатнашишга рухсат беришимни сўрашди, ва мен рухсат бердим», — деди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.

Ташиев партия аъзолари ва тарафдорларини ўзи ёқтирган сиёсий ташкилотлар билан бирга сайловларда иштирок этишга чақирди. У, улар «қайси партиядан сайланган бўлмасин, халқ манфаатлари учун хизмат қилишда давом этади», деб ишонишини таъкидлади.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари қирғизистонликларни «овозларини сотмасликка» ва овоз беришда жуда диққатли бўлишга — коррупция ёки жиноятларга аралашганларни танламасликка чақирди.

«Бундан кейин Қирғизистонда ўтувчи ҳар қандай сайлов адолатли ўтиши керак. Давлат раҳбаримиз Садир Нургожоевич иккимиз адолатли сайлов, адолатли жамият, адолатли давлат қурсак деган орзуйимиз бор ва ўша орзуйимини рўёбга ошириб, кучли, адолатли, бақувват Қирғизистонимизни мустаҳкамлаймиз. », — деди у сўзини якунлаб.

Президент Садир Жапаров 6 сентябр куни «Маҳаллий кенгашларни тарқатиш ва маҳаллий кенгаш депутатларини сайлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Шу тариқа, 249 маҳаллий кенгаш депутати сайловлари 17 ноябрга белгиланди.