Пезидентнинг матбуот котиби Россиядаги мигрантларни ватанда ишлашга чақирди

96

Қирғизистон президентининг матбуот котиби Аскат Алагозов Россияда меҳнат қилаётган қирғизистонликларни ватанга қайтишга чақирди. У бу ҳақда ўзининг Facebook саҳифасида ёзган.

Алагозов бу чақириқни мамлакатдаги «ишчи куч етишмовчилиги» билан тушунтирди, хусусан, тикувчилик ва қурилиш соҳаларида.

«Албатта, сизларни қизиқтирган меҳнат ҳақлари Россияда ишлаб топганингиз билан бирдек бўлади. Энг асосийси ватанингизда, ўз оилаларингиз ёнида ишлаган яхши эмасми. Келинглар, ўз еримизда ишланглар»,— деди у.

Шунингдек, Алагозов фуқаролар WhatsApp орқали (+996 559 189 900) ва Қирғизистондаги қўнғироқлар учун 1899 рақами орқали қўшимча маълумот олишлари мумкинлигини қўшимча қилди.

Сентябрь ойи бошларида Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги қирғизистонликларга Россияга «сабабсиз» сафарлардан тийилишни тавсия қилганди. Ўшанда вазирлик буни Россия томонидан жорий этилган «қўшимча хавфсизлик чоралари» билан изоҳлаган эди.